Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ЖССТ коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича Хитой билан келишмоқчи

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқин келажакда янги турдаги коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун халқаро мутахассислар гуруҳи юборилиши тўғрисида Хитой билан келишувга эришишга умид қилмоқда. Бу ҳақда Женевада ўтказилган брифингда ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги Фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан маълум қилди.

У жорий йилнинг июль ойида ЖССТ раҳбарлик қиладиган халқаро миссия учун асос ва режа тайёрлашга ташкилотнинг икки нафар мутахассиси Хитойга бориб келганини эслатиб ўтди. “Айни вақтда биз хитойлик ҳамкасблар билан халқаро гуруҳ таркибини аниқлаш учун фаол ишлар олиб бормоқдамиз. Биринчи босқични якунлаш ва иккинчи босқич бўйича тадқиқотларни бошлаш учун Хитойга йўл оладиган мазкур гуруҳни қабул қилиб олиш тўғрисида тез орада битим тузамиз деган умиддамиз”, деди Райан.

“Суриштирув ишларини олиб бориш турли йўналишлар учун зарур. Биринчи босқичда эпидемиологик йўналишга эътибор қаратамиз, нолинчи беморни қандай аниқлаш мумкинлигини тушунишга ҳаракат қиламиз. Илгари ҳам таъкидлаганимиздек, нолинчи бемор умуман Уханда эмас, балки бошқа жойда бўлган бўлиши ҳам мумкин. Изланишларнинг иккинчи босқичида ЖССТ қандай қилиб вирус хайвондан одамга юққани устида изланишлар олиб боришни режалаштирмоқда”, дея якун ясади Райан.