Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кам гапириладиган соҳанинг долзарб муаммолари ўрганилди

Ушбу хасталикнинг омиллари давлатларнинг ривожланиш даражасига ҳам бевосита боғлиқ. Жамиятдаги ижтимоий муносабатлар, иқтисодий ҳолатлар инсон руҳиятига, унинг саломатлигига бевосита ўз таъсирини ўтказа бошлайди. Шундай шароитда инсонни, унинг руҳиятини асрашнинг иложи борми, агар бўлса, буни амалга оширишда шифокорларнинг олдидаги вазифалар нималардан иборат?

Самарқандда «Психиатрия, тиббий психология ва суицидологиянинг долзарб муаммолари:  замонавий амалиёт ҳамда ривожланиш йўналишлари» мавзусида ўтган икки кунлик халқаро илмий-амалий конференцияда шу масалалар муҳокама этилди. Унда Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Тожикистон каби ўнлаб давлатларнинг соҳа бўйича мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори А.Шамсиев конференция иштирокчилари ишига омад тилар экан, мавзунинг долзарблилиги, олимларнинг ўзаро тажриба алмашинуви учун ушбу конференцияларнинг аҳамиятига урғу қаратди.

- Бир пайтлардаги руҳият бузилишига таъсир этувчи омиллар билан бугунгилари ўртасида кескин фарқ бор, - дейди тиббиёт фанлари доктори (Россия) В.Солдаткин. – Ҳатто ривожланган ҳамда риволанаётган давлатлар аҳолиси орасида ҳам бу масалада тафовут мавжуд. Аммо умумий муштаракликлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, бугун одамларнинг тобора виртуаллашуви, ўз қобиғига ўралашиб қолиши, қадриятларнинг, инсонийликнинг тобора камёблашуви киши руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу масалада сизларда оилавий қадриятларнинг сақланиб қолиши орқали қайсидир маънода устунликларни кўриш мумкин.

- Маърузачиларнинг фикридан кўриниб турибди, руҳиятнинг бузилиши ҳоллари сабабларида турли давлатларда ўзига хослик бор, - дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ходими, тиббиёт фанлари номзоди Ш.Қурбонова. – Бизда бу масалада оилавий келишмовчиликлар устунлик қилади. Қайнона-келин, эр-хотин келишмовчилиги, турмушидан ажралиш ҳолатлари каби омиллар инсоннинг руҳан қийналишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши сабабларини ўрганиш ҳамда бу бўйича илмий изланишлар натижаси бўйича амалий ҳаракатлар юртимизда анча тезлашди. Хусусан, умумамалиёт шифокорлари айнан руҳият билан ишлаш бўйича курсларда ўқитилди, руҳшунос мутахассислар сонини ошириш чоралари кўрилди, уларнинг ойлик-маошлари оширилди.

Анжуманда соҳанинг етакчи мутахассислари шўъбаларга бўлинган ҳолда маъруза ўқиб, ўзаро тажриба алмашишди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.