Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Келажаги абадий шаҳар

Ер юзининг сайқали, дея эътироф этиладиган қарийб 3 минг йиллик тарихга эга Самарқанд бугун ҳам байрам оғушида. Бу йилги байрамга ҳар йилгидан-да ўзгача тайёргарлик кўрилди.

Дунёнинг йирик салтанати, Соҳибқирон давлатининг пойтахти бўлган, Мирзо Улуғбек осмондаги юлдузларни санаган, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таълим олган Самарқанд азалдан илм-фан, маданият, маърифат маркази бўлиб келган. Негаки, минтақада қанча машҳур зот ўтган бўлса, ҳаммасининг қадами етган бу замин ўз навбатида фусункор табиати, муқаддас қадамжолари ва меҳмондўст инсонлари билан дунё нигоҳида бўлган.

Айниқса, мустақиллик йилларида Самарқанд янада обод ва кўркам бўлди. Ўтган 30 йилда зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларнинг асл шуҳрати қайта тикланди, обод масканларга айлантирилди. Бугун ҳам қадимий шаҳарнинг қайси бир гўшасига назар солсангиз, улкан яратувчилик ва бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз.

Хусусан, ўтган йили Самарқанд шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармасининг янги ташкил этилган хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда “Ситуацион марказ” учун бунёд этилган бино фойдаланишга топширилди. Бу ерда Самарқанд шаҳрида мавжуд 4 мингдан ортиқ видеокузатув камераларининг 1 минг 100 дан зиёди геоинформацион тизимига тўғридан-тўғри уланди. Биргина шу ишнинг ортидан шаҳарда осойишталикни таъминлашнинг замонавий тизими йўлга қўйилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ўтган йили кўҳна кент Бутунжаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерацияси (WТCF)га аъзо бўлди.

Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан – Батист Лемуан иштирокида Самарқанд шаҳрида Франциянинг Марказий Осиёдаги илк фахрий консуллиги очилганлиги ҳам дунё нигоҳидаги шаҳарнинг тарихий шуҳрати тикланаётганидан далолатдир.

Дарвоқе, Самарқанд Латвия Республикасининг Юрмала, Корея Республикасининг Кенжу, Италиянинг Флоренсия, Россия Федерациясининг Самара ва Красноярск, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро, Покистон Ислом Республикасининг Лахор, Украинанинг Львов, Белгиянинг Леж, Болгариянинг Пловдив, Индонезиянинг Банда-Ачех, Франциянинг Лион, Германиянинг Бремен, Туниснинг Кайруан, Мексиканинг Мехико шаҳарлари билан биродарлашган.

Туризм жадал ривожланади

Албатта, пандемия сабабли хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг Самарқандга ташриф буюришида қатор муаммолар кузатилди. Хусусан, ўтган йилнинг 9 ойида азим шаҳарга 281 минг 200 нафар хорижий сайёҳнинг ташрифи кузатилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 49 минг 500 нафарни ташкил этди.

- Бироқ очиқ осмон остидаги музей - шаҳарга бўлган қизиқишни ҳисобга олиб, туристик имкониятларни кенгайтириш, шу жумладан, сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Акрам Эгамов. - Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 24 та туристик лойиҳа ишга туширилган. 6 та меҳмонхона фойдаланишга топширилиб, 190 ўринли 21 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилган. Шунингдек, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 8 та туристик микроавтобус харид қилиниб, 12 та туроператор фаолияти йўлга қўйилган.

Умуман, 2020-2021 йилларда туризм соҳасида 55 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 2000 га яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Мисол учун, кўҳна кентнинг Орзу Маҳмудов, Ислом Каримов, Алишер Навоий ва Пушкин кўчалари ҳамда Университет хиёбонини туристик масканга айлантириш лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Шу асосда Самарқанд халқаро аэропортининг 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминалини қуриш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Умумий лойиҳа қиймати 60 миллион АҚШ доллари бўлган “Самарқанд” халқаро аэропортини реконструкция қилиш доирасида янги учиш-қўниш йўлаги ва 4 та йўналтирувчи йўллар қурилади. Натижада аэротураргоҳнинг ҳаво кемаларини қабул қилиш қуввати 8 тадан 24 тага етказилади, магистрал йўналтирувчи йўлак реконструкция қилинади ҳамда янги светосигнал ва радиотехник қурилмалар ўрнатилади.

Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида 360 гектар майдонда туристик марказ қурилмоқда.

 

Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 майдаги қарори билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати 8 та устувор йўналишда статистик кўрсаткичлар асосида “яхши”,”ўрта” ва “қониқарсиз” деб баҳолаб бориш амалиёти жорий қилинган.

- Бу борада Самарқанд шаҳри “яхши” баҳога муносиб, деб топилди, - дейди Акрам Эгамов. - Шунга қарамай, барча кўрсаткичларни 30 фоизга ошириб бажаришга қаратилган, йил якунига қадар ва келгуси йилнинг биринчи ярмида эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар, аниқ чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган.

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 15 минг 195 та, шундан 5546 та якка тартибдаги тадбиркор фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 3202 таси жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташкил этилган. Йил якунига қадар 548 та янги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиб, фаолияти ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 68,5 миллион долларлик ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,3 миллион доллар кўп экспорт амалга оширилган. Бугунги кунда Самарқанд шаҳри тадбиркорлари ишлаб чиқарган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунёнинг 20 та давлатига экспорт қилмоқда.

Самарқанд шаҳри иқтисодиётига хориждан кириб келаётган инвес­тиция миқдори ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойида 25 та лойиҳа ҳисобига 52,1 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда белгиланган режа 109 фоизга бажарилган. Яъни, 25 та лойиҳа ҳисобига 56,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Умуман, бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида табиий тошларни, метални қайта ишлаш, LED лампалар ишлаб чиқариш ва замонавий кўнгилочар маскан ташкил этиш каби хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади. Жумладан, Сўлим шаҳарчасида "Азия металл профф" корхонаси томонидан тўрт босқичда умумий қиймати 234,1 миллион АҚШ долларилик металл ўрамлар ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш лойиҳасининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Қуввати 190 минг тонна бўлган металл рулонларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш лойиҳаси декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Муҳими, бу ерда Сўлим ҳамда Кимёгарлар қўрғонида яшовчи 100 га яқин муҳтож оилаларнинг аъзолари ишга жойлаштирилади.

Тўйга тўёна билан

Самарқанд шаҳри куни олдидан янги бунёд этилган, қайта таъмирланган объектлар фойдаланишга топширилмоқда.

"FAVORITE-GROUP" масъулияти чекланган жамияти томонидан 10 миллиард 381 миллион 95 минг сўмлик лойиҳа самарқандликларга қувонч бағишлади. Лойиҳа доирасида Афросиёб кўчасидан Мирзо Улуғбек кўчасигача тортилган ичимлик сув ва канализация тармоқлари ишга туширилди.

Шу кунларда бу ерда яна бир катта лойиҳа якунига етказилмоқда. Афросиёб кўчасининг Ибн Сино кўчасидан М-37 автомобиль йўлигача бўлган қисмида қарийб 14 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилмоқда. Йўлнинг қатнов қисмига асфальт ётқизилиб, лоток-ариқлар ўрнатилмоқда. Жами 1600 метрлик масофада пиёдалар йўлаги ташкил қилиниб, замонавий ёриткичлар ўрнатилган.

Бундан ташқари, бугун Амир Темур кўчасида Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказининг янги биноси, Мирзо Улуғбек кўчасида "‘Макон Мал” янги савдо мажмуаси очилиш маросимлари ўтказилади.

Ёқубжон МАРҚАЕВ,

«Зарафшон» мухбири.