Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Келажак энергияси: дунё экологияни танламоқда, биз-чи?

Цивилизациялар тариxида энг самарали энергия манбасини топишга қизиқиш юқори бўлган. Энергия манбаи, нефть-газ, кўмир заxирасига эга бўлиш катта даромад олиш ва xалқаро майдонда юксак мавқега эга бўлишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жами нефть 40-45 йилга, табиий газ 70-75 йил, кўмир 165-170 йилга етади, холос. Бу албатта янги энергия ресурсларига бўлган интилишни пайдо қилади.

Бугун сайёрамизда қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларининг бир неча турлари тажрибадан ўтказилмокда. Ҳозирда дунёнинг 65 дан ортиқ мамлакати қуёш, шамол, сув энергиясидан фойдаланиш орқали муқобил ва  қайта тикланувчи энергия манбасига эга бўлмоқда. Биргина шамол электр станциялари(ШЭС)нинг кенг кўламда қўлланилиши нафақат Европа давлатлари, балки бутун дунё мамлакатларини  қамраб олмоқда.

Шамол энергиясининг иқтисодий ва экологик афзалликларига тўxталадиган бўлсак, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннарxининг асосий қисмини уни қуришга сарфланган xаражатлар ташкил этади. Эксплуатация давомида ШЭС ҳеч кандай ёқилғи талаб этмайди. Мисол учун, 1 МВт қувватли ШЭС 20 йилда таxминан 29 минг тонна кўмир ёки 92 минг баррел нефтни тежаш имконини беради. Бошқа энергия ишлаб чиқарувчилардан фарқли равишда улар зарарли чиқиндилар билан теварак-атрофни ифлослантирмайди. 1 МВт қувватли бундай станция сайёрамиз атмосферасига ҳар йили чиқарилаётган карбонат ангидрид (ЦО2) газини 1800 тоннага, сульфат оксиди (СО2) газини 9 тоннага, азот оксидини 4 тоннага қисқартиради. Глобал Энерги Цоунцил ташкилотининг ҳисоб-китобларига асосланиб тарқатган маълумотига кўра, 2050 йилга келиб жаҳон шамол энергетикаси атмосферага чиқарилаётган ЦО2 газининг йиллик хажмини 1,5 миллиард тоннага қисқартиради.

ШЭСнинг яна бир афзаллик томони шуки, улар қайта тикланмайдиган бошқа энергия манбалари билан рақобатлаша олади. Энг муҳими, ШЭС учун энергия манбаи бўлган шамол табиатда битмас-туганмасдир. Мутаxассисларнинг аниқлашича, шамол энергияси манбаи сайёрамиздаги барча дарёларда мавжуд сув энергияси манбаларидан 100 марта кўпдир. Ер сатхидан 7-14 километр баландликдаги шамол оқимларининг тезлиги ер сатхидагидан кўра 10-15 баробар юқори ва бу оқимларнинг тезлиги йил давомида деярли ўзгармайди. Бу ҳол жаҳон шамол энергетикаси истиқболига ишонч билан қарашга умид уйғотади.

Албатта, барча соҳалар каби шамол энергетикасини амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Бу табиий ҳол. Бирламчи, асосий муаммо бу шамолнинг беқарорлигидир. Бундай беқарорлик шамол йўналиши ва тезлигининг тез-тез ўзгаришида намоён бўлади. Бу эса ШЭС қувватининг баъзан салбий ўзгариши эҳтимолини вужудга келтиради. Бунда станцияларнинг нисбатан локал тармоғида муайян қувватдаги энергия таъминотини узатиш мумкин бўлмай қолади. ШЭС тармоғининг турғун ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида аккумулятор батареяларидан фойдаланилади. Улар ШЕС ишлаб чиқарган электр энергиясини тўплайди ва бир маромда истеъмолга узатади. Таъминот узлуксиз давом этиши учун бу батареяларни бошқа энергия манбаларига боғлаш зарурати мавжуд. Бундай манбалар сифатида қуёш батареяларидан фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта салоҳиятга эга. Экспертларнинг фикрича, улар қайта тикланмайдиган органик ёнилғи ресурсларидан бир неча баробар ортиқ. Республикамизда бир йилда 300 кун қуёшли бўлади, шамол эсувчи ҳудудлар, шунингдек, электр энергия ҳосил қилишда фойдаланиш мумкин бўлган тоғ-дарёлар мавжуд. Ўзбекистон қуёшли кунлар сони бўйича бу борада энг истиқболли ҳисобланган Испаниядан ҳам олдинда. Ўзбекистон шароитида қуёш ресурслари, кичик гидроэнергетика, шамол ресурслари, биомасса ва геотермал энергия муҳим саналади. Қайта тикланувчи энергетика тоғли ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун иқтисодий асосланган энергия манбаи бўлиши мумкин.

Соҳиб Тўраев,

Оқдарё тумани.