Кристин Лагард: Самарқанддаги тарихий обидаларни кўриш менинг орзуим эди
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагард бошчилигидаги делегация аъзолари 18 май куни Самарқандга келди.
Меҳмонлар шаҳар билан танишувни Амир Темур мақбарасидан бошлади. Буюк соҳибқироннинг давлатчилик сиёсати, илм-фан, маданият ривожидаги хизматлари ва улкан бунёдкорлик ишлари ҳақидаги маълумотлар Кристин Лагард хонимда катта қизиқиш уйғотди. Бу ҳайрат ва ҳавас Регистон майдони, Бибихоним масжидига ташриф чоғида яна ҳам ошди.
– Самарқанд жуда гўзал ва обод шаҳар экан, – дейди Кристин Лагард. –Бу қадимий кентнинг азалдан маданият, цивилизация бешиги, Буюк Ипак йўлининг йирик савдо марказларидан бири бўлганлиги ҳақида эшитгандим. Бугун бунга амин бўлдим. Бу ердаги бир неча асрлик тарихий обидалар ўзбек халқининг ноёб ақл-заковатидан, қурилиш, архитектура бўйича улкан тажриба ва салоҳиятга эгалигидан далолат беради. Мен бу мадраса ва масжидларни кўришни, уларнинг деворларни ушлаб кўришни орзу қилардим ва бу орзуларим ушалганидан хурсандман. Самарқанд ҳақиқатдан ҳам инсониятнинг бебаҳо бойлигидир.