Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Лукойл” компанияси ходимининг Жарқудуқдаги ҳаракатларига изоҳ берди

«Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» матбуот хизмати компаниянинг ходими йўриқномаларга риоя қилмайдиган ва уларни бузадиган ишчилардан норозилигини одобсиз шаклда билдирганлиги акс этган видеога изоҳ берди.

Компания маълумотларига кўра, воқеа 29 октябрь куни Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Жарқудуқ газни тозалаш иншоотида бўлган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Жарқудуқ нимстанциясида (110 минг вольтлик) ишлайдиган уста бошчилигидаги электрчилар гуруҳи хавфсизлик талабларини қўпол равишда бузган, бу эса бригаданинг ўлимига, қиммат жиҳозларнинг шикастланишига ва бутун объектнинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган.

Мазкур ҳолатни бош энергетик И.А.Шилов аниқлаган ва подстанциядаги ишлар қоидаларга мос келгунга қадар тўхтатилган.

Ўз қўл остидаги ходимларнинг йўриқномага риоя қилмаслиги оқибатида юзага келиши мумкин бўлган фожиали оқибатларни англаб етган ҳолда И.А.Шилов мулоқотнинг ахлоқий меъёрларини эътиборсиз қолдирган ва маҳаллий хизмат кўрсатувчи ходимларга қўпол сўзлар билан мурожаат қилган.

Ҳозирги вақтда компанияда ички текширув ўтказилмоқда. Шу сабабли И.А.Шилов “Лукойл”нинг иш этикаси бўйича комиссиясининг Москвадаги йиғилишига чақирилган.

"Тергов натижаларига кўра, воқеанинг барча иштирокчиларига айбдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ва корпоратив талабларга мувофиқ равишда интизомий чоралар қўлланилади", дейилади хабарда.

“Лукойл” компанияси саноат хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги юқори стандартларга амал қилишига ва қоидаларга риоя қилинишини диққат билан кузатиб боришига ишонтирди.

Аввалроқ, мазкур видеога нисбатан ижтимоий тармоқларда турли муносабатлар кўпайиб, ҳақоратларга керакли чора кўриш борасида “Адолат“ СДП ҳамда “Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам муносабат билдирилган эди.