Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактаб рейтинги кимга боғлиқ?

Албатта, унинг раҳбарига. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган таҳлилда Паст Дарғом, Нуробод, Пайариқ, Ургут, Булунғур туманлари ХТБ республикада охирги ўринларда эканлиги айтилди.

Ҳар бир тумандан мактаб ўқувчиларидан она тилидан синов диктанти олинганда, белгиланган 12,5 балл ўрнига, Паст Дарғом туманидаги 17, 18, Пайариқдаги 8-мактаб ўқувчилари бир балл атрофида баҳо олишган. Бошқа фанлар бўйича бу туманлардаги аҳвол ачинарли.

Мактаблар рейтинги тўртта кўрсаткич бўйича аниқланди.

1. Битирувчиларнинг олий таълим муассасасига кириши.
2. 9-синф ўқувчиларининг она тилидан диктант ва математикадан ёзма ишлари натижаси.
3. Мактабда олий ва биринчи тоифали педагоглар таркиби.
4. Мактабда ўқитувчилар учун яратилган шароит ва ўқитиш муҳити ҳолати юзасидан ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида ўтказилган сўровнома натижаси.

Рейтинг натижасига кўра, вилоятдаги 356 та мактабдан 2019-2020 йилда ОТМларга бирорта ҳам битирувчи кира олмаган.

Ана энди бир ўйлаб кўрайлик, мактабдаги бу аҳвол учун ким жавоб беради? Шу мактаблар, ХТБ раҳбарлари ота-оналар, болалар, жамоатчиликка бунинг сабабини тушунтириб бера оладиларми? Уларнинг бу лавозимларда ишлашга ҳақлари борми?

Эҳтимол, бунинг сабаби ота-оналарнинг ўз фарзандларининг илм олиши учун эътиборсизлигидандир? Эҳтимол, мактаб директори ёки ХТБ раҳбарларининг жамоатчиликка ҳисобот бермай келганлигидандир?

Хуллас, ҳар биримизга халқ таълими тақдири тўғрисида жиддий ўйлаш вақти келмадими?

Вилоят ҳокими Э.Турдимов бу муҳим масалани халқ депутатлари кенгашларида жиддий муҳокама қилиш таклифи билан чиқди. Депутатлар ўз сайлов округларидаги мактабларда таълим сифатини мунтазам назорат қилиши ва сессияларда ўз муносабатларини билдиришлари керак. Юқорида санаб ўтилган туманларда вилоят кенгаши билан таълим сифати бўйича қўшимча сессиялар ўтказишга келишилди.

Таклиф, мулоҳазалар вилоят халқ таълими бошқармасининг Samarqand xalq ta’limi телеграм каналига юборишингиз мумкин.