Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабда компьютер бор. Аммо интернет учун етарли маблағ ажратилмаган. Нега?

Илгари электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабаб умумий ўрта таълим мактабларидаги компьютерлардан етарлича фойдаланилмаётганини кўп ёзардик. Энди эса, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилган бўлса-да, ҳалиям мактаблардаги компьютер синфлари имкониятларидан унумли фойдаланимаслик ҳолати давом этяпти.

- Интернетни ишлатиш учун ҳар ойда 60 минг сўм тўлаб дарс ўтяпман, - дейди информатика фани ўқитувчиларидан бири. – Бундай тўловга ҳар доим ҳам имкониятим бўлавермайди. Аммо ҳар бир мактаб учун вилоят халқ таълими бошқармасидан йиллик смета асосида маблағ ажратилиши керак. Бу пуллар қайси операторга тўланяпти, ким ижрога масъул, деган саволларимизга жавоб берадиган масъул йўқ. Интернет бўлмагач, компьютер дарсларини қандай ўтказаётганимизни ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Халқ таълими бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, мактаблардаги ўқитувчиларнинг интернетдан фойдаланишларига маълум миқдорда пул ажратилади. Жорий йилда вилоятдаги мактабларда интернетдан фойдаланиш учун 150 миллион сўм ажратилиши белгиланибди. Лекин йилнинг биринчи чораги якунланяптики, бу маблағ мактабларга етиб борган эмас. Ушбу сумма вилоятдаги 1200 та мактабга бўлинса 125 минг сўмдан тўғри келар экан. Юқорида информатика фани ўқитувчиси айтганидек, ойига 60 минг сўмдан сарфлаганда ҳам бу пул икки ойга етади. Ўқув йилининг қолган даврида ўқитувчилар бу тизимдан қандай ва ниманинг ҳисобига фойдаланиши тўғрисида на бошқарма, на халқ таълими муассасалари мутасаддиларида жавоб бор.

Мактаблардаги компьютер синфларида ўқувчиларнинг интернетдан фойланмаслиги оқибатида ўқувчилар қўл телефонлари орқали керакли маълумот олиш ўрнига ҳар хил фисқу фужурларни томоша қилаётгани бошқа масала. Аммо ўқитувчилар ўртасида ўтказилаётган аттестация жараёнларида педагогларнинг ўз фанларига оид оддий маълумотларни, ҳатто муаллимлар учун зарур услубий манбаа бўлган Зиёнет тармоғидан фойдаланишни билмаслиги аён бўлиб қоляпти.

Бугунги глобаллашув ва ахборот асрида педагогнинг замонавий технологияларни билмаслиги албатта, ачинарли? Бу ҳолатда ўқитувчиларнинг малакаси, дунёқараши замон талабига жавоб бериши ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Янги ўқув йили бошланиши билан ўқитувчини матбуот нашрларига обуна бўлишга мажбурлаш йўқ, дея бонг урилди. Бугунга келиб ўқитувчиларнинг аксарияти ўз ҳисобидан пул тўлаб интернет тармоқларидан фойдаланишга мажбур бўлаётганлигини энди ким изоҳлайди? Мамлакат тараққиётида ўзини масъул деб билган ўқитувчилар ўз фанининг ўрни, бугунги аҳволи ва келажакдаги ишлар кўламини билиш, жамиятдаги сиёсий-иқтисодий жараёнларни ўқувчиларга етказиш, моҳиятини тушунтириш учун ҳам интернетга ойлигидан маблағ сарфлаётгани ҳақиқат-ку...

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.