Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Москвадан мактуб: Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда Учинчи Ренессанс даврига тамал тоши қўйиш учун қилган даъвати бежиз эмас

Ҳурматли «Зарафшон»чилар!

Қарийб 40 йилдан буён маърифатпарвар бобом Саидризо Ализода меросини ўрганиб, улардан кўпчиликни баҳраманд этиб келаман. Пандемия даврида Москвада, ўғлимникида истиқомат қилиб ҳам бу ишни тўхтатмадим. Интернет тармоғи орқали кутубхоналардан жадид бобом асарлари ва у киши тўғрисидаги маълумотларни излаяпман.

Шунингдек, сизларнинг кўмакларингизда чоп этилган китобларни, газета нусхаларини, бобомнинг “Россия космонавтикаси тарихи” («История космонавтики России») рисоласини архив ва олийгоҳлар кутубхоналарига топширдим. Ўзбекистонда жадидлар, хусусан, Саидризо Ализода ижодига, фаолиятига берилаётган катта эътиборни гапириб бердим. 2017 йилда Самарқандда суратга олинган «С.Ализода Мовароуннахр фарзанди» номли ҳужжатли фильм видеотасмасини ҳам ҳадя этдим.

Дарвоқе, бу фильмни ҳозир араб, рус, немис, француз, хитой, урду тилларига таржима қилдиришни амалга оширяпман. Кейин уни АҚШ, Эрон, Озарбайжон кутубхона ва архивларига юбораман. Чунки С.Ализода дунё мамлакатлари тарихини ёзиб, форс тилига ўгириб, Покистонда нашр қилдирган. Шу боис бу мамлакатлар зиёлиларини бобомнинг серқирра ижоди ва жадидлик фаолияти билан таништирмоқчиман.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг мамлакатда Учинчи Ренессанс даврига тамал тоши қўйиш учун қилган даъвати бежиз эмас. Негаки, Осиё зиёлилари тарихнинг барча даврларида оламда яловбардор бўлишган. Мисол учун, ХХ аср фидойилари – Ўзбекистондан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Озарбайжондан Жалил Муҳаммад Қулизода, Зардобли, Исмоилбек Гаспирали, Қозондан Козимбек Қозоний, Аҳмад Ҳоди Қозоний, Истанбулдан Рифат Истанбулий, Жавдод Сунан Истанбулий, Афғонистондан Жалил Афғоний, Эрондан Дехудо Сейруз, Покистондан Муҳаммад Иқбол ўз даврида дунё ҳамжамиятига ибрат бўла олганлар. Зеро, 1907 йилда Саидризо Ализода «Рисолат ул иттиҳодия» китобида мусулмонларни эзгулик, илм-маърифат йўлида бирлашишга, ҳамкорликка чорлаган.

Бундай эзгу ҳаракатлар, ғоялар ўтган аср бошида айнан Самарқандда тамал тоши қўйилган миллий матбуотимизда, «Зарафшон» газетасида, «Ойна» журнали, «Шуълаи инқилоб» ҳафталигида чоп этилгани ва бу ишда бобом Саидризо Ализода фаол иштирок этгани билан доимо ғурурланаман.

Самарқандликларга эса мамлакатимизда туб бурилиш ясаган 2020 йил зафарларга янада бой бўлишини истайман.

Сизларга ҳурмат билан, Фарҳод АЛИЗОДА.