Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нохолислик билимсизлик, товламачиликдир ёки медиасаводхонлик нега керак?

Телеграм гуруҳларида турли соҳа вакилларига "Блогер ким? Қайси манбалардан ахборот оласиз?" деб мурожаат қилиб кўрдик. Аксарият иштирокчилар блогерлар интернетда ўз саҳифасига эга, сайтдаги ахборот берувчи кишилар, мазмунида фикр билдирганлар.

Бугун кўпчилик ахборотларни ижтимоий тармоқлардан ва турли ахборот сайтларидан олаётгани ҳақиқат. Аммо ахборот сайти ва ижтимоий тармоқлар ўртасида аниқ фарқлар борлигини ҳамма ҳам ҳанузгача англаб етгани йўқ. Ҳар қандай лавҳа, фикр ижтимоий тармоқларда тарқалса, аҳолининг унга ишониши медиасаводхонлик даражасининг пастлиги билан изоҳланади. Бу ҳолат эса ташвишланарли. Бир неча марта нотўғри ахборот орқали аҳолининг фикрини чалғитиш ҳолатлари учради. Ўша хабарлар ҳақида ахборот сайтларида, умуман, оммавий ахборот воситаларида уни инкор этувчи маълумотлар берилса-да, аммо одамлар кўпроқ расман тасдиқланмаган, шунчаки фуқаро сифатида фикр жойлаган кишиларнинг сўзларига ишониб қолаётир. Танқидий фикр тарқатган кишининг маълумоти тўғрироқ, деган фикр устунлиги бор гап. Аммо бугунги ахборот ривожланган кунда ижтимоий тармоқларда, турли шубҳали сайтларда бирор фикрни ўқиган киши албатта, унинг ростлигига ишонч ҳосил қилиш учун бир нечта ахборот сайтларини қараб чиқиши лозим.

Келинг, масаланинг моҳияти ҳақида медиаэкспертлар фикрлари билан танишсак.

 

Беруний АЛИМОВ,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти:

Фуқаролик журналистикасининг афзалликлари алоҳида мавзу, лекин ахборот этикаси нуқтаи назаридан қаралса фуқаролик журналистикаси жиддий ташвиш туғдиради. Истаган шахс исталган мавзуда ва исталган вақтда ахборот тарқатиш воситаларига эга бўлиши бутун дунёда фавқулодда эркин муҳитни яратмоқда. Бироқ, бу ахборот тарқатган ҳар қандай шахс журналист дегани эмас, журналистикани соҳа, касб сифатида обрўсизлантиришга йўл қўйиш мумкин эмас.

Ижтимоий тармоқ ёки уяли телефон орқали тарқатилган ҳар бир хабар ёки рақамни журналистикага тааллуқли деб тан олиш кам деганда профессионал даражадаги том маънодаги ижодий жараён маҳсулини камситиш бўлган бўлур эди. Касб-корнинг сир-асрорларидан бехабар бўлган одамни қандай қилиб профессионал дея оламиз ёки у тарқатган ахборотнинг тўлақонли ишончли эканига умид боғлаймиз? Гап бирор бир давлатдаги воқеалар ҳақида бўлса-чи? Давлат ёки халқ тақдири, имижига таъсир кўрсатувчи янгиликни ҳаваскорлик даражасидаги ахборотлардан олишнинг оқибати нималарга олиб келиши эса маълум.

Яна бир масала. Расман ахборот тарқатувчи манбалар орасида ҳам нохолис ахборотлар тарқалиши кузатилади. Яқинда бир гуруҳ давлат идоралари, корхона ташкилотлар матбуот хизмати ходимлари учун туркум семинар тренинглар ўтказдик. Афсуски, уларнинг кўпчилиги ўз вазифаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Ташкилотига тегишли кўп маълумотларни давлат сири даражасида қўриқлашга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, ушбу маълумотлар кези келганда уларнинг манфаатларига хизмат қилиши мумкин. Энг қизиғи, уларнинг барчаси журналистларни нохолис, асоссиз ахборот тарқатишда айблашди. Хўш, асоссиз ахборот тарқалганда, буни исботлаб, улардан раддия беришни талаб қилдингизми, деб сўраганимизда ижобий жавоб ололмадик. Кўпчилиги бунга ҳафсала қилмаган, баъзилари тортишиб ўтиришни ўзига эп кўрмаган. Ваҳоланки, қонуний нуқтаи назардан улар ўша ОАВга раддия беришни сўраб хат ёзишлари, агар бу талаб қондирилмаса, уларни судга беришлари мумкин. Мабуот хизмати ходими ўзи хизмат қилаётган ташкилот имижини қонун доирасида ҳимоя қилиши шарт.

Лола ИСЛОМОВА,

"Anhor.uz" ахборот-портали муҳаррири:

- Шу ойнинг ўзида блогерлар билан боғлиқ қатор воқеалар муаммоларни юзага чиқарди. Бунга йўл қўймаслик учун қуйидаги масалалар ҳаётда ўз аксини топиши керак.

Биринчидан, блогерлар фаолиятини қонунийлаштириш фурсати келди. Ушбу терминни аниқлаштириш, қоидаларини, масъулиятини белгилаш, меъёрдаги солиқ тўловини жорий қилиш лозим. Бу сўз эркинлигини бўғиш эмас, балки демократик-ҳуқуқий жамиятнинг асосий шарти бўлган, билдирилаётган фикр ва хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни ҳис қилишдир.

Иккинчидан, журналистларнинг ахлоқ кодексини қабул қилиш фурсати келди. Тўғри, журналистлар савол бериш ва унинг жавобини олиш ҳуқуқига эга, аммо кодекс профессионаллик одобининг меъёрларини белгилаб берган бўларди. Гарчи сифатсиз журналистика ва айрим блогерлар учун бундай меъёрлар ҳеч қандай қийматга эга бўлмаса-да.

Саида СУЛЕЙМАНОВА,

"Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази" раҳбари, медиатренер:

- Журналистиканинг олтин қоидаларидан бири танқидий фикрни икки томонлама ўрганишдир. Афсуски, сўз эркинлигига йўл очиб берилган бугунги кунда таҳлилий, асосли чиқишлардан кўра, кўпик маълумотлар интернет оламида машҳурлашиб бормоқда. Бу ўз навбатида аҳоли фикрини чалғитишга, улар орасида давлат идоралари ва бошқа ташкилотларга нисбатан нафақат ишончсизлик, балки нафрат уйғонишига сабаб бўлмоқда. Нопрофессионал, яъни муаммо тўлиқ ўрганилмай олиб чиқилган мавзу мана шу жиҳатлари билан хавфли. Бу эса журналистлар доим ўз устида изланиши лозимлигини тақозо қилади. Вақт ўтиши билан аҳоли ҳам бундай хабарларнинг рост ёки ёлғонлигини ажратиб ола билади. Яъни, фақат рейтинг ортидан қувиб, касбига хилоф иш тутганларнинг бозори касодга учрайди. Аммо вақт ўтишини кутишдан кўра ҳар биримиз нафақат ўзимиз, балки аҳолининг ҳам медиасаводхонлигини ошириш устида иш олиб боришимиз даркор.


Агар эътибор берсак, баъзи беозор, кимнингдир шаънига алоқадор бўлмаган хабарлар ҳам ижтимоий тармоқларда қатор агрессив нуқтаи назарни келтириб чиқариш ҳолатлари учрайди. Бу эса жамият учун хавфли. Хулоса шуки, сўзнинг қудрати атомдан кучли эканлиги ҳақидаги фикр бугун ҳар қачонгидан долзарб. Ахборот маҳсулотга, яъни энг нозик ва кучли хом ашёга айланган бугунги кунда холисликни қасддан эсдан чиқариш хавфли. Нохолислик эса фақат товламачилик ёки билимсизлик натижасидир.

Гулруҳ МЎМИНОВА.