Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одам “овлаган” она-болаларга ҳукм ўқилди

Енгил-елпи ҳаёт тарзига одатланган Фарангиз Шаҳобова (исм-фамилиялар ўзгартирилди) турмушга чиққандан кейин ҳам расо яшашни ўзига раво кўрмади. Оқибатда вужудида бир неча ойлик ҳомиласи билан турмушидан ажрашиб, онасиникига жўнади...

Ҳомила гўё унга “юк”дек туюларди. Негаки агар у бўлмаганда айрим таниш дугоналари каби хорижга чиқиб, “гўзал” ҳаёт кечираётган бўларди-да. Ниҳоят Фарангиз қизалоғи Зилолани дунёга келтирди. Аммо чақалоқ ҳали уч ойликка тўлиб-тўлмай уни онаси Азиза Шаҳобовага ташлаб, Озарбайжон Республикаси, у ердан Туркияга жўнади.

У Туркияда ўзи истаган “гўзал” ҳаётни топди, гўё: ўша ерлик бир йигитга турмушга чиқиб, турли хил “бизнеслар”ни бошлаб юборди. Унинг топгани ўзига жуда кам туюлиб кетди. Бизнеснинг мўмайроқ даромад қолдирадиган йўлларини ўйлади. Шу кунларда онаси Азиза Шаҳобова билан чуқур ҳасратлашган Фарангиз Ўзбекистондаги айрим хотин-қизларга Туркияда “иш” топиб бериш орқали уларни чақириб олиш ва шунинг ортидан яхшигина пул топиш режасини тузишди. Она-боланинг “ўлжалари”дан бири Асила Негматова бўлди. Одам савдоси қурбони бўлиши мумкинлигидан бехабар Асила олдиндан ўзига таниш бўлган Фарангизнинг онаси Азиза опага “қизингиз Туркияда экан, топиш-тутиши яхшигина эмиш, имкони бўлса менга ҳам шу томонлардан иш топиб бермасмикан?” деб қолди. Азиза опа ўзини халоскордек тутиб, унга албатта иш топиб беришга ваъда берди. У қизи билан гапни “пишитиб”, Асилани Туркияда фоҳишалик билан шуғулланса, мўмай пул топишга қизиқтирди ва зарур барча ҳужжатларни расмийлаштириб, уни келишилган манзилга жўнатадиган бўлди.

Азиза Шаҳобова ўз ҳисобидан авиачипта олиб, Асилани Тошкент шаҳридаги аэропортдан Туркияга юбормоқчи бўлди, улар Самарқанддан чиқиб кетаётганида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилиб, қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида Фарангиз ва Асила Шаҳобоваларнинг қилмиши тўлиқ ўз исботини топди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ ҳукм ўқилди.