Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одобнома: Қаерга боришингиз, қаерда эканингизни онангизга билдиринг

Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинишича, Мадинанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради.

Энди ана шу улуғ саҳобий, катта обрў соҳиби, подшоҳлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг: уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди.

Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчадан келганининг хабарини берар эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айлангани фахримиз боисидир. Демак, фарзандлар кўчага чиққанда ва қайтганда ота-оналарга хабар, салом бериб, ташаккурлар айтиб туришлари юксак одоб намунаси экан.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати.