Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўликнинг ортидан пул ишлайдиган, камбағалнинг нонига шерик халқмиз(ми?)

Ушбу жумлаларни ёзишга нима ҳақинг бор ўзи, дея ёзғирманг. Бутун халққа баҳо беришга ким ҳуқуқ берди сенга, дея маломат ҳам қилманг. Кўзда ёш, юрак қоним билан ёздим бу жумлани. Эҳтимол, ҳиссиётларга берилгандирман, балки жаҳл билан ёзгандирман. Аммо қуйидаги каби хабарларни ўқиётган киши борки, ғазаб отига минган, «наҳотки!» дея ҳайратлангани, «ҳаммаси бир буларнинг!» дея қўл силтагани табиий.

…Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган.

…Тошкент вилоятида мансабдор шахслар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари ҳамда бош ҳисобчи билан давлат бюджетининг 109,2 миллион сўм пулини ноқонуний ўзлаштирган. Шунингдек, улар «Саховат ва кўмак» фондидан 44 миллион сўмни ҳам ўзлаштириб, ўз мақсадлари учун ишлатиб юборган.

…Қашқадарёда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари 900 миллион сўмдан зиёдроқ пулни ўзлаштириб юборган. Яна худди шундай марказларнинг Навоий, Бухоро, Андижон, Наманган вилоятларида ҳам бир неча миллионлаб, коронавирусга қарши курашиш мақсадида ажратилган пуллар ўзлаштириб юборилган…

…Бухорода «Саховат ва кўмак» фондининг пуллари ўзлаштирилгани аниқ бўлди.

Бугун булар ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр билдирмаган киши қолмади, ҳисоб. Уларнинг баъзиларини бир ўқиб кўринг-а. Мисол учун, таниқли журналист Элмурод Эрматовнинг вирусга қарши курашувчи идоралар раҳбарлари томонидан йирик маблағлар ўмариб кетилганлиги ҳақидаги постига нисбатан қуйидагича изоҳларни ўқийсиз ва уларнинг барчаси оғриқ ва нафрат билан ёзилганини ҳис қиласиз.

Илҳом Каримов: Аслида бу рўйхатдаги энг кам еганлари бўлса керак. Чунки қолганлари еган жойида из қолдирмай юриш бўйича катта тажрибага эга (бўлиши мумкин).

Отабек Раҳимов: Айбдорларнинг исм-шарифини, эгаллаб турган лавозимини тўлиқ ёзинглар, токи ўша пулдан луқма еган қариндошлариям изза бўлсин. Шуларни ўйлаб кейингилариям тийилармиди шунда…

Шарофиддин Ҳошимжонов: Бу фақат СЭОМ, яна қанча ўмарганлар бор, ким билади. Энг қизиғи, булар қайтарилдими? Уйидан топилганлар «ашёвий далил»га айланмай жойига қайтиб қўйилдими? Саволлар кўп.

Ҳақиқатан ҳам саволлар кўп. Коррупция, порахўрлик илдиз отганини ҳаммамиз тан олардик. Бунга қарши курашайлик, деб қанча йиғилишлар қилинди, неча тадбирлар шу мавзу доирасида, хўжакўрсин учун ўтказилди. Коррупцияга қарши курашайлик, деб турган инсонларнинг ўзлари бу иллатдан йироқ эмаслигини яхши билган маъруза тингловчилар мийиғида кулиб ўтираверарди.

Кейинги пайтларда коррупция ҳолатларининг айнан қайси ташкилотларда рўй бераётгани очиқ-ойдин айтилиши маъруза-ю тадбирбозликдан кўра анча самаралироқ бўлди, назаримда. Хусусан, ҳозирги пандемия даврида коррупция, давлат бюджети маблағларининг ўмарилиши ҳолатларининг айтилаётгани халқнинг ғазабини келтираётган бўлса-да, аммо жуда муҳим жараён саналади.

Ижтимоий тармоқлардаги фикрлардан кўриниб турибдики, биз корруция ботқоғига ботиб қолганимизни яхши билсак-да, бу даражада инсофсизлик ботқоғига чўкиб кетганимизни тасавур қилмасдик. Бюджет маблағларининг ўзлаштирилаётгани ҳақида очиқ-ошкор айтилаётган хабарлар бир қараганда халқнинг жаҳл отига минишига сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларни “портлатиб” юборган бўлса-да, кишига озгина умид ҳам беради. Сабаби, шу пайтгача коррупция ҳолатлари аниқланар, аммо мансабдор шахсларнинг бундай ҳаракатлари камдан-кам ҳолатда, аниқланганлари ҳам очиқ айтилмас эди.

Коррупцияга қўл уриб, кейин  яна худди ҳеч нарса бўлмагандай турли идораларда (баъзилари ҳатто лавозимли жойларда) ишлаб юрганига гувоҳ бўлгач, коррупциянинг илдизига болта уришнинг иложи йўқ экан-да, деган хаёлга борардик.

Умуман, бундан бир неча йиллар аввал давлат идораларида ҳалоллиги учун ишлай олмаган кўплаб кадрларнинг хорижга чиқиб кетганига гувоҳ бўлганмиз. Эътибор беринг, ишини билмагани ёки саводсизлиги учун эмас, яхши, билимли мутахассис айнан ҳалол ишлагани учун ҳам баъзи давлат идораларида ишлай олмаганига мисоллар бор. Ҳозир ҳам бундай ҳолатлар тамоман йўқолган, деб айтолмаймиз. Йўқолмагани учун ҳам халқ бошига ташвиш тушган бир пайтда шунча маблағнинг ўмарилишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ташвишли кунларда бюджет маблағлари шундай талон-торож бўлар экан, бошқа пайтларда қандай «савдолар» бўлиши мумкинлиги ақлингга сиғмайди.

Коррупцияни йўқотиш учун шу кунларда яна бир катта ташкилот тузилди. Корруцияга қарши курашиш агентлиги ҳали қандай вазифларни бажариб, қандай натижаларни кўрсатади, буёғи бизга ҳозирча қоронғи. Аммо шу қоронғилик ичра ушбу ташкилот бир ёғду бўлишига умид ҳам йўқ эмас.

Ёмони, ҳатто айтишга тил, ёзишга қўллар қалтираб кетадиган бир ҳолат ҳам бугун тармоқларда тобора очиқроқ айтилмоқда – вирусдан вафот этганларнинг жасадлари ҳам пулга чақилаётгани ҳақида.

Хусусан, фейсбук фойдаланувчиси Гулнора Маҳмудова шундай фикрларни ёзади: «Ватандошларимдан олдиндан минг бора узр сўраб, яна бир жуда ташвишли масала ҳақида ёзяпман. Вирус балосига қарши курашиш ҳамманинг иши бўлгани учун, яна юзлаб одамларга касаллик тарқалмаслиги учун бефарқ туролмадим.

Шифокорларимизга таъзим қиламиз! Лекин Ковид туфайли вафот этганлар жасади касалхонадан "келишилиб" яқинларига бериб юборилаётган холатлар бўляпти. Мархумларга, яқинларига ҳурматимиз, таъзиямиз чексиз. Аммо у хонадонларда ўлган билан ҳамма тегишли амаллар қилиняпти, одамлар жанозага йиғиляпти. Яқин инсонни йўқотиш қанчалик оғриқли бўлмасин, бошқа зарарланмаган қариндошлар, болалар, қариялар, махалладошларимизни асрашимиз керак!».

«Келишиб» сўзи бу ўринда қанчалик оғриқли...

Журналист Азиза Қурбонова эса фейсбукда шундай пост қолдирган: “Танишим айтди: Акасини 84-номер остида моргдан 1,5 кунда! олиб чиқишибди. Ўликка ҳам жонли навбат. Шунчаки, улгуришмаяпти экан. Статистика эса 4 ва 3 ни санайди”.

Ушбу постни изоҳлаган Наргис Қосимова эса “Энг ёмони коронавирусдан ўлганларнинг жасадини сотишаяпти яқинларига. Яқинда танишимнинг опаси 15 миллион бериб зўрға олибди”, деб ёзади.

Ҳа, пандемия жуда кўп нарсани очиқликка олиб чиқди. Саховатли инсонларнинг кўплигини ҳам, халқ бирлашса, катта ишларга қодирлигини ҳам, қўлида амали борларнинг нафс ўлчовларини ҳам, қўлида амали йўғу, пайтдан фойдаланиб, халқнинг пулини шилишга қодир инсонларнинг кимлигини ҳам… Ҳамма ҳаммани… Шуларни ўйларканман, коронавирусга қарши вакцинадан ҳам кўра, «ҳалоллик вакцинаси» тезроқ пайдо бўлишини истадим. Эҳтимол, ўшанда вирусни жиловлаш ҳам осонроқ кечармиди…

Гулруҳ МЎМИНОВА.