Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Онлайн дарслар орқали ўқитувчилар малакасини ошириш йўлга қўйилди

Бугун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишида эскича ёндашувлардан воз кечиб, бу борадаги сифат ва самарадорликни яна мустаҳкамлаш талаб этилмоқда. Ушбу йўналишда ахборот технологияларини кўпроқ фаолиятга татбиқ этиш орқали ортиқча нақд ва вақт сарфини камайтиришга эришиш, шу билан бирга, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ҳудудий марказ профессор-ўқитувчиларининг илк бор онлайн дарс машғулотлари ташкил этилгани фикримизни тасдиқлайди.

Онлайн дарс машғулотида ҳудудий марказнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, гуруҳи тингловчилари, туман ва шаҳар студияларида мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари қатнашди.

Унда ҳудудий марказнинг ижтимоий-иқтисодий фанлар методикаси кафедраси доценти Комил Ҳайдаров “Ўзбекистонда таълим – давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида” мавзусида маъруза ўқиди. Иккинчи жуфтликда Мўтабар Файзиева “Таълим муассасаларида маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этишда буюк алломалар ва мутафаккирлар илмий асарларининг ўрни” мавзусида дарс машғулотлари ўтди. Учинчи жуфтликда эса халқ таълими ходимлари ўртасида ўзаро фикр, тажриба алмашилди ва ўтилган мавзулар доирасидаги долзарб муаммолар муҳокама этилди.

Дарҳақиқат, худди шу тартибда келгусида онлайн очиқ дарс машғулотлари белгиланган жадвал асосида инглиз тили, бошланғич синф, математика, география, технология фанлари ўқитувчилари учун ҳам ташкил этилади.

Онлайн дарслар мобайнида халқ таълими ходимларининг Халқаро баҳолаш дастурлари бўйича малака ва тажрибаларини ошириш, бу борадаги билимларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Самарқанд вилояти ХТХҚТУМО ҳудудий маркази ахборот хизмати.