Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон хавфсиз туризм бўйича дунёда 46, МДҲда 1-ўринни эгаллади

Мазкур рейтинг Франциянинг “Insurly” порталида эълон қилинган. Рейтингни тузишда табиий офат эҳтимоли, соғлиқни сақлаш даражаси, жиноятчилик бўйича аҳвол, жумладан, террорчилик ва транспорт ҳодисалари ҳам ҳисобга олинган.

2020 йилда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 1-ўрин 100 баллик имкониятдан 93,4 балл олган Швейцарияга берилди. Иккинчи ўринга 92,7 балл билан Сингапур лойиқ кўрилди. Учинчи ўринни Норвегия 91,1 балл билан эгаллаган.

Сайёҳлар учун энг хавфсиз мамлакатлар ўнталигига Люксембург, Кипр, Исландия, Дания, Португалия, Финляндия ва Япония ҳам киритилди.

Ўзбекистон ушбу рейтингда 70,3 балл олиб 46-ўринни эгаллаган. Рейтинг тузувчиларнинг фикрича, туристлар учун энг катта хавф, бу табиий офатлардир. Бу йўналишда Ўзбекистонга атиги 25 балл берилди. Аммо Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими юқори даражадалиги қайд этилди ва 81 балл берилди.

Шунингдек, порталда таъкидланишича, Ўзбекистонда сайёҳларга террорчилик таҳдиди умуман йўқ.

Рейтингдаги 46-ўрин Ўзбекистонни МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринга олиб чиқди.

Рўйхатда Ўзбекистондан кейинги ўринлар қўйидагича бўлди: Беларусь (48-ўрин), Озарбайжон (52), Туркманистон (60), Молдова (66), Грузия (68), Қозоғистон (71), Арманистон (72), Украина (83), Россия (86), Тожикистон (93), Қирғизистон (106) эгаллади.