Самарқанд - сайёҳлик шаҳри, бу ерда хавфсиз туризм фаолияти юқори сифатда ташкил этилиши шарт
15 июнь куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Б.Мирзараҳимов ҳамда Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи Р.Тошпўлатов Самарқанд вилояти ИИБ хавфсиз туризм бошқармасида бўлиб, ходимларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Хусусан, улар “GM Ўзбекистон", Нефть маҳсулотларини ташиш батальонига ташриф буюриб, у ердаги ходимларнинг хизмат фаолияти билан танишди. Шунингдек, Самарқанд вилояти ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда ИИВ Самарқанд халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича 7252-сонли ҳарбий қисмда хизмат олиб бораётган ходимларга хизматни огоҳлик ва ҳушёрлик билан олиб бориш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат вазифасини янада самарали олиб боришлари тўғрисида бир қатор кўрсатма ва топшириқлар берди.
ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабарига кўра, тадбирларда Самарқандга хориж давлатларидан сайёҳлар тез-тез келиши, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш эса давлат аҳамиятидаги юмуш эканини таъкидлади, бу борада келгусидаги амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан кўрсатмалар берилди.