Саёҳат, ҳам зиёрат

Уч йилдан буён ноябрь ойи юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилинган. Ойлик доирасида Самарқанд вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари, нуронийлар жамоатчилик кенгашлари томонидан кекса авлод вакилларининг юртимиздаги тарихий масканларга саёҳати ташкил этилмоқда.

– Туманимизда йил бошидан буён 400 нафардан ортиқ нуроний Тошкент, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Самарқанд шаҳарларига саёҳатга бориб келди, – дейди Ургут тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Фармон Азизов. – Айни чоғда туманимиз нуронийларининг Самарқанд шаҳридаги халқаро туристик марказга саёҳати уюштирилмоқда. Ҳар куни 20-30 нафар отахон ва онахонлар янги сайёҳлик маркази ва шаҳардаги бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб келяпти. Бундан ташқари, туманимиздаги Ғавсул Аъзам, Чорчинор қадамжоларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Гап фақат саёҳатда эмас, аввало, нуронийларимизнинг вақтини мазмунли ўтказиш, қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан уларни яқиндан таништиришда.

Маълумотларга кўра, ойлик доирасида тумандаги оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларда кексалар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уйда ётиб қолган 133 нафар кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон тарқатилди. Маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида 72 нафар биринчи гуруҳ ногирони ва 58 нафар ўзгалар парваришига муҳтож қариялар хонадонида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.