Самарқанд бўйлаб ижарага олинган автоуловда саёҳат қилиш мумкин
Кузатувлар ҳар қандай сайёҳ ҳудуд ва унинг одамлари ҳақидаги илк таассуротини аэропортдаёқ ҳосил қилишини кўрсатмоқда. Шу боис кейинги йилларда вилоятимизнинг ҳаво дарвозасида туристлар учун зарур шароитларни яратиш, унда хизмат кўрсатишни халқаро талабларга мос ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан икки ойча олдин замонавий қиёфага кирган аэропортда RENT CAR - енгил автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш хизмати йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда тажриба тариқасида унда 5 та "Volkswagen" ва 2 та "Mersedes-Benz" электромобиллари ижараси йўлга қўйилганди. Ўтган вақтда бу хизмат тури ҳам ривожлантирилиб, мижозларга қатор қўшимча қулайликлар яратилди
“Air Marakanda” авиакомпанияси берган маълумотга кўра, ҳозир аэропортдаги ижара автомобиллар парки 100 дан ортиқ автоуловга эга. Унда юқорида тилга олинган автолардан ташқари, “Chevrolet”, “Hyundai”, “Kia” русумли автомобилларни ҳам топишингиз мумкин.
Аэропортда транспорт ижараси шартнома асосида амалга оширилади. Шунингдек, йўловчилар масофадан туриб, телеграм ва инстаграм мессенжерлари ёки телефон қилиш орқали ўз дидидаги автоуловни буюртма қилишлари мумкин.
Мутахассиснинг айтишича, бу хизматдан фойдалувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган июль ойида мингдан ортиқ фуқаро автоулов ижарага олган. Маълумотга кўра, мазкур хизмат нархи автомобиль русумига қараб белгилади ва энг арзон нарх бир сутка учун 200 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, компания томонидан хизматдан фойдаланувчилар учун турли акциялар ўтказилиб, байрам чегирмалари берилар экан. Хусусан, ҳозир ҳам унда “Автомобилни 6 кунга ижарага олсанг + бир кун бепул” акцияси ўтказилмоқда.
Асқар БАРОТОВ.