Самарқандда сайёҳлик мавсумий эмас, доимий жараёнга айланиши керак

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоят ва шаҳар сектор раҳбарлари, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари ҳамда туристларга хизмат кўрсатадиган тадбиркорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар фаолиятини тартибга солиш ва тўғри йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

– Туризм нафақат Самарқанд шаҳри, балки вилоятимиз иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Кейинги пайтда юртимизда сайёҳликни замон талаблари даражасида ривожлантириш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳа субъектлари ва сайёҳлар учун жуда катта имтиёз ва имкониятлар яратилди, виза ва бошқа тартиблар такомиллаштирилди. Давлатимиз ҳар гал Самарқандга келганларида бу борада амалга оширишимиз керак бўлган вазифаларни белгилаб бермоқда. Пандемиядан кейин секин-аста ушбу соҳа ўз ҳолига қайтмоқда. Самарқанд шаҳрида сайёҳлар кўпайиб қолди. Энди гап уларга сифатли хизмат кўрсатиш, мароқли ҳордиқ чиқаришларига имконият яратиш, Самарқандда бир неча кун қолишларига ва яна қайтиб келишларига эришиш. Умуман, сайёҳликнинг мавсумий эмас, доимий жараёнга айлантиришимиз керак.

Учрашувда яқинда Самарқанд шаҳрида юзага келган сайёҳлар билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратилиб, ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракати танқид қилинди. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан хизмат текшируви олиб борилаётгани ва ички ишлар идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши қайд этилди.

Тадбирда шаҳардаги овқатланиш корхоналари, кўнгилочар ва савдо объектлари, маданият ташкилотларининг жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаган ҳолда тўсқинликсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш лозимлиги қайд этилди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ва бошқа тартибларга риоя этиш зарурлиги таъкидланди.