Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинадими?

Бу масала эртага ўтказилиши белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 21-ялпи мажлисида аниқ бўлади. Мажлис кун тартибига “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг лойиҳалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Мазкур қонунлар, аввало, жамиятда аёлларнинг мавқеини oшириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишида фаoл иштирoкини таъминлаш, oилани мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳар томонлама соғлом фарзандларни вояга етказишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 Ўзбекистoнда кучли фуқарoлик жамияти қурилиши, ҳуқуқий демoкратик давлат сифатида шаклланишида аёлларнинг ижтимoий-сиёсий фаoллигини oшириш энг муҳим oмилдир. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат бошқарувида аёлларнинг салмоғи етарли эмас. Бу эса ўз навбатида салоҳиятли аёлларнинг етарли эмаслигидан эмас, балки уларнинг орасида оиладаги муҳитдан ўзини кўрсата олмаётганидандир. Хотин-қизларга барча шарт-шароитлар яратилган бир пайтда фаол ва ташаббускор аёллар ўз ўрнига эга бўлишлари лозим деб биламиз.

Яна бир муҳим масала, минг афсуслар бўлсинким, бу хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг учраб туришидир. Амалиётда ҳақиқатан мазкур ҳолатларнинг гувоҳи бўлмоқдаман. Бунинг энг асосий сабаблари оилада тарбияга ва маънавиятга эътиборсизлик, ишсизлик каби омилларга жуда боғлиқ эканлигини кузатдим.

Хусусан, Самарқанд вилоятида бугунги кунда 600 тадан ортиқ оилада оила бошлиқлари бўла туриб, ичкиликка берилиш оқибатида турмуш ўртоғи ва болаларига зўровонлик ва тазйиқ ўтказаётган эркакларнинг борлиги жуда ачинарли. Бундай ҳолатларни олдини олишнинг қонун нормалари билан мустаҳкамланиши ва аниқ жазо чораларининг қўлланилиши жуда муҳим аҳамиятга эга.

Чунки, оила халқнинг қадриятлари, урф-одатларини ўзида синовдан ўтказадиган муқаддас маскан бўлиб, яхшиларини ўз бағрида асраб-авайлаб, келажак авлодларига етказади. Бугунги муқаддас ўзбек оиласи ўзининг чуқур маънавий-иқтисодий пойдеворига эга. Биз бу пойдеворни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Маънавиятсизлик, бефарқлик, масъулиятсизлик ва бузғунчилик каби разолатлардан ёшларимизни асраб, миллий, олтин қадриятларимизга асосланган анъаналаримизни, урф-одатларимизни, маънавий меросимизни улар қалбига жо қилишимиз даркор. Токи, бундай дурдона қадриятларимиз келажак авлодларимиз ҳаётининг ҳам машъала чироғи бўлиб қолсин.

Гавҳар Алимова,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.