Ражабова берилган имкониятдан тўғри ва оқилона фойдаланмаганлиги боис иши яна судга оширилган

4 май куни Zarnews.uz расмий веб-сайти ва телеграмм каналида «Сенат 5 йилга озодликдан маҳрум этилган самарқандлик ҳомиладор аёл иши бўйича сўров юборди» сарлавҳали хабар эълон қилинди. Ушбу хабар тафсилотлари юзасидан Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими жавоб йўллади. 

Унда қуйидагилар баён этилган: “Анора Ражабова 2019 йил 11 июлда Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари, Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди айбли деб топилиб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида 2 йил муддатга корхона, муассаса ёки ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. (Иш бўйича 3 нафар шахс судланган).

Судланганлар А.Ҳақбердиева, А.Ражабова ва Л.Ҳамидовадан солидар тартибда “Ўзбекистон почта” АЖ Самарқанд филиали фойдасига 574.637.000 сўм қопланмаган моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 18 октябрдаги ажримига кўра, Анора Ражабова ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, А.Ражабовага тайинланган 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, етказилган зарар қисман қопланганлиги эътиборга олиниб,  Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида 2 йил муайян  ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 3 йил 7 ой озодликни чеклаш жазоси билан ўзгартирилган. 

Шунингдек, мазкур иш бўйича судланганлар А.Ҳақбердиева ва А.Ражабовадан солидар тартибда “Ўзбекистон почта” АЖ Самарқанд филиали фойдасига 118.185.405 сўм қопланмаган моддий зарар ундириш ҳамда маҳкума А.Ражабова ҳисобидан “Ўзбекистон почта” АЖ Самарқанд филиали фойдасига 104.177.273 сўм қопланмаган моддий зарар ундириш белгиланган.

А.Ражабовага, ундирилиши лозим бўлган моддий зарарларни 1 йил муддатда қоплаш мажбурияти юклатилиб, суд залида қамоқдан озод қилинган.

Оддий қилиб айтганда, аппеляция инстанция судида Анора Ражабовага имконият берилиб, 3 йилу 7 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, қамоқдан озод қилинган ва уйига юборилган, етказилган зарарларни қоплаш учун эса 1 йил муддат берилган.

Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномасига асосан маҳкума А.Ражабова зиммасига юклатилган “Ўзбекистон почта” АЖ Самарқанд филиали фойдасига ундирилиши белгиланган моддий зарарни 1 йил муддатга тўлиқ қоплаш мажбуриятини ихтиёрий бажармаган.

Демак, ўзига берилган имкониятдан тўғри ва оқилона фойдаланмаган. Бу муддат давомида А.Ражабова ИИБ ходимлари томонидан бир неча марта оғзаки ва ёзма равишда огоҳлантирилган, у билан суҳбатлар ўтказилган. Суд ҳужжатини бажармаслик, қасддан бўйин товлаш қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши етарли даражада тушунтирилган. Бироқ А.Ражабова тегишли хулоса чиқармаган.

Ҳамма нарсанинг чегараси бор, деганларидек, суд томонидан берилган 1 йил муддатдан кейин яна 6 ой ҳам ўтиб кетгач, ИИО ФМБ ходимлари судга тақдимнома киритган. Чунки уларнинг ҳам ваколатлари билан бирга масъулияти, жавобгарлиги бор.

Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи 2021 йил

12 апрелда маҳкума А.Ражабова ўз зиммасига қўйилган 1 йил муддат давомида моддий зарарни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётганлиги сабабли унинг ўталмай қолган 2 йил 2 ой 26 кун озодликни чеклаш жазосини, Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-қисмига асосан оғир турдаги жазога алмаштириш тўғрисида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига тақдимнома киритган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 22 апрелдаги ажрими билан Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, маҳкума Ражабова Анора Алишеровнага нисбатан тайинланиб, ўталмай қолган 2 йил 2 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси Жиноят кодексининг 48-1-моддаси 6-бандига асосан шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. Жазони умумий тартибли колонияларида ўташ белгиланган.

Маҳкума А.Ражабовани вояга етмаган фарзандига васий ва ҳомий тайинлаш масаласини ҳал қилиш Самарқанд шаҳар ХТБга қарашли васийлик ва ҳомийлик органи зиммасига юклатилган.

Суднинг мазкур ажримига нисбатан маҳкума А.Ражабова апелляция шикояти келтириб, етказилган зарарнинг 15.000.000 сўмини қоплаганлиги, қолган зарарни ҳам қоплаб беришлигини билдириб, 8 ойлик фарзанди борлигини кўрсатиб, озодликка чиқаришни сўраган.

Бугунги кунда мазкур иш вилоят суди апелляция инстанциясида кўришлик учун 2021 йил 11 май кунига тайинланган.

Апелляция инстанция судининг якуний қарори юзасидан қўшимча маълумот берилади.