Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонлик йигитга кўрсатган жасорати учун ташаккурнома топширилди

2019 йил 25 август куни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланганларга ёрдам беришда мардонавор ҳаракати учун Ўзбекистон фуқароси Данил Юлдашевга ташаккурнома топширди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Аввалроқ Данил Юлдашев инсонларни қутқаришда кўрсатган жасорати ва қатъийлиги учун Перм ўлкаси губернатори Максим Решетниковдан миннатдорлик хати олди.

Эслатиб ўтамиз, 17 августда Перм вилояти Гайва шаҳрида 53-сонли йўналишли автобус ЙТҲга учраган. Автобус дўкон деворига бориб урилиши оқибатида унинг эшиклари ёпилиб қолган.

ЙТҲда 1 киши қурбон бўлган ва 32 киши жароҳатланган. Воқеа гувоҳи бўлган 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси Данил Юлдашев дарҳол автобус ичида қолган одамларни қутқаришга киришган.

У автобуснинг орқа ойнасини синдириб, яраланганларни бирма-бир олиб чиқа бошлаган. Ундан ташқари, Данил шикастланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, йўлдан ўтаётган автомобилларни тўхтатиб, улардан беморларни шифохонага олиб боришни илтимос қилган. Тез ёрдам етиб келганда ҳам Данил ёрдам беришда давом этган. 

Маълумот учун: Данил Юлдашев Тошкентдан Пермга кўчиб борган. У ерда ўрта таълимни олган ва ҳозирда ишламоқда. Бокс билан шуғулланади. Унинг қариндошлари Ўзбекистонда яшайди.