Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсати кўпгина мамлакатлар учун ўрнак

Жорий йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида С5+1 мулоқоти доирасида АҚШ Тинчлик институти билан ҳамкорликда “Диний бағрикенглик, зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишда Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини кучайтириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда АҚШ, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Туркманистон ва Афғонистондан 50 нафарга яқин халқаро эксперт ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда асосан алдов йўли билан терроризм ва зўравон экастремизм йўлига кириб қолганлар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандларини реаблитация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу йўналишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Нэнси ЛИНДБОРГ, АҚШ Тинчлик институти президенти:

- С5+1 доирасида бўлиб ўтаётган семинар АҚШ Тинчлик институти ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинганидан мамнунмиз. Анжуманда Марказий Осиё давлатлари илмий доиралари вакиллари, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганларни соғлом ҳаётга қайтариш соҳасининг етук экспертлари қатнашмоқда. Уларни бу ерда тўплашда Марказ платформа вазифасини бажарди.

Семинардан кўзланган асосий мақсад террористик ва экстремистик ташкилотларга алдов йўли билан кириб қолганларни тўғри йўлга бошлаш, нотинч ўлкаларга кетганларни юртига қайтариб, реаблитация қилишга кўмаклашиш масалаларини муҳокама қилиш, фикр ва тажриба алмашишдан иборат.

Бу ишларни амалга оширишда С5+1 мамлакатлари билан ҳамкорликни тобора кенгайтиряпмиз. Ҳукумат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказиб, шу масалаларни муҳокама қилдик.

Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан бир гуруҳ аёл ва болалар юртга қайтарилгани жасоратли иш. Бу эзгу тадбир бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиб, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўхшаш ҳаракатлар бошланишига туртки берди.

Марказ тўғрисидаги таассуротларим бир олам. У миллий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида барпо этилган. Барча қулайликларга эга бу техник жиҳозланиш ривожланган давлатлар вакилларида ҳам ҳавас уйғотди. Айниқса, бу ердаги илмий муҳит алоҳида ажралиб туради. Тадқиқотчилар билан учрашиб билдимки, бу ерда ўз соҳасининг етук мутахассислари ишлайди ва тадқиқотлар олиб боради.

Кенешбек САЙНАЗАРОВ, “Муштарак манфаатларни аниқлаш” Марказий Осиё дастурлари директори (Қирғизистон Республикаси):

- Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўта ноёб муассасалардан бўлиб, бутун Марказий Осиё халқларининг илмий ва маданий мулки саналади.

Марказ билан жорий йилнинг май ойидан буён ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Бугунги анжуманда Марказий Осиёдаги барча мамлакатлардан, жумладан, Туркманистондан вакиллар қатнашаётгани қувонарли.

Ишончим комилки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бутун минтақа мамлакатлари диний-маърифий муассасалари, маърифатпарварлар учун Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Моварауннаҳрдан етишиб чиққан бошқа буюк аллломаларнинг йўлини давом эттиришга хизмат қиладиган мулоқот майдонига, шериклик марказига айланади.

Марказ раҳбарияти билан суҳбатда Марказий Осиёнинг ҳар бир  давлатидан 3-4 нафардан ёш толиби илмни бу ерга тўплаш, ўқиши ва тадқиқот олиб боришини ташкил қилиш масаласини ҳам муҳокама қилдик.

Имом Бухорий яшаган даврдан ҳозирги кунгача битилган қўлёзмаларнинг қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларига таржима қилиниши буюк алломаларнинг бой меросини тарғиб қилиш йўлида муҳим дастуриламал бўлиш баробарида, диний ақидапарастлик ва экстремизм каби иллатларга қарши маърифат билан курашишнинг кучли механизми бўлади.