Билим амалиётда: SIUT талабалари Жанубий Кореяга сафар қилди
Яқинда Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ҳузурида фаолият юритаётган Корея технологияси ва маданияти институти (KITC)нинг 16 нафар талабаси ҳамда 2 нафар устози Корея Республикасининг Konyang университетида малака ошириш дастурида иштирок этди.
Ушбу сафарнинг асосий мақсади талабаларни халқаро таълим муҳити билан яқиндан таништириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва икки университет ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Айниқса, KITC талабалари корейс тилини маҳаллий, яъни «native speaker» мутахассислардан ўрганаётгани ушбу сафарни амалий жиҳатдан янада самарали қилди. Талабалар олган назарий билимларини реал мулоқот жараёнида синаб кўриш имкониятига эга бўлдилар.
Малака ошириш дастури доирасида қатор муҳим йўналишлар қамраб олинди. Жумладан, талабалар Konyang университетининг замонавий кампуси, юқори технологияли лабораториялари ва таълим тизими билан танишдилар. Шунингдек, корейс тили бўйича машғулотлар билан бир қаторда «самулнори» анъанавий мусиқий санъати, миллий маданият ва қадриятларга бағишланган амалий дарслар ўтказилди.
Дастурнинг маданий-маърифий қисми доирасида иштирокчилар Буё шаҳри ҳамда Чеонан мустақиллик мемориал мажмуасига ташриф буюриб, Корея давлатчилиги ва тарихига оид билимларини бойитдилар. Шунингдек, Konyang университетининг Теджон шаҳрида жойлашган кампусида халқаро талабалар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Қайд этиш жоизки, мазкур ташриф 2025 йил декабрь ойида Konyang университети делегациясининг Самарқанд шаҳрига амалга оширган ташрифига жавоб сифатида ташкил этилди. Ўқув дастури якунида барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.