Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пандемия  ва карантин сабаб ходимлар ва иш берувчилар томонидан энг кўп берилаётган саволларга жавоблар

Масофавий ишлашга ўтказиш тартиби қандай амалга оширилади?

- Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси билан келишилган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3228, 28.03.2020 йил).

Мазкур Низомда карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин.

Қандай тоифадаги ходимлар вақтинча масофавий ишлаш тартибига ўтишида имтиёзга эга?

- Биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар. Улардан кейин бошқа ходимлар ҳам масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин.

Масофадан ишлаш деганда нимани тушунамиз?

- Ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчи жойлашган ҳудуддан ташқарида, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усулини тушунамиз.

Масофавий ишлаш учун алоҳида буйруқ чиқарилиши шартми?

- Албатта, ходимни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақидаги муддати кўрсатилган буйруғи билаш расмийлаштирилади. Бундай буйруқ чиқариш учун эса меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади.

Ходимнинг масофавий ишда ишлагани учун таътилга чиқишига таъсир қиладими?

- Йўқ, таъсир қилмайди. Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг таътил жадвалига мувофиқ меҳнат таътилига чиқиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиши ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

Карантин пайтида ишга бормаса бўладими?

- Йўқ. Фақат ташкилот карантинга ёпилган бўлсагина мумкин.

Масофавий ишга ўтаётганда меҳнат шартлари қандай белгиланади?

- Масофавий ишга ўтказилганда иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилади. Меҳнат шартномасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинади. Бу ўзгартиришда меҳнатнинг шартлари билан бирга қуйидагилар ҳам кўрсатилади:

- электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқа тартиби;

- ходимга иш учун зарур бўлган жиҳозлар, техника воситаларидан фойдаланиш тартиби;

- ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш. Интернет тармоғидан фойдаланиш;

- ходимга иш берувчи томонидан берилган жиҳозлар бузилганда зарарни қоплаш бўйича шартлар;

- ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби;

- ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;

- ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда, ходимни доимий ишга ўтказиш шартлари.

Карантин пайтида маошлар қисқарадими?

- Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, ўша тартибда амалга оширилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга унинг розилигисиз йўл қўйилмайди.

Истисно тариқасида бундай ўзгартиришга:

- технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берган тақдирда, башарти, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;

- қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилиши мумкин.

Бўлажак ўзгартириш ҳақида ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилиши лозим.

Карантин вақтида бериладиган нафақа миқдори қанча?

- Коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган, деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

Саволларга Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши бўлим мудири Усмон КАРИМОВ жавоб берди.