Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда солиқ ходими қарздорликни ёпиб бериш эвазига пора олаётганда ушланди

Шерали Ҳакимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Паст Дарғом туман давлат солиқ инспекциясида камерал назорат бўлими давлат солиқ катта инспектори вазифасида ишларди. Хизмат вазифаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқишни камерал назорат қилиш бўлсада, у ўз хизмат мавқеидан моддий наф кўриш йўлида фойдаланди.

Дилафрўз Абдуллаева ўзи раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалигининг солиқ тўловларидан бўлган қарздорлигини аниқлаш мақсадида туман солиқ инспекциясига борди. Инспекция ходими Ш.Ҳакимовга учрашганида у фермер хўжалигининг солиқ тўловларидан бўлган қарздорлигини 2 миллион 490 минг сўм эканлигини айтди. Д.Абдуллаева ҳисоб рақамига ҳали пул тушмаганини, қолаверса, пиллачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари учун маълум имтиёзлар мавжудлигини инобатга олиб Ш.Ҳакимовдан ҳисоб-китобларда бироз ёрдам қилишини сўради.

Д.Абдуллаеванинг чорасизлиги солиқ ходимининг таъмагирлик қилишига баҳона бўлди. Ш.Ҳакимов унга агар 1 миллион 500 минг сўм келтириб берса унинг қарзини камайтириб бериши мумкинлигини айтди. 

Д.Абдуллаева қарзни ёпишнинг бошқа имконини топмагач, аввал солиқ ходимининг гапларига рози бўлди. Аммо унинг бу ҳаракатлари ноқонуний эканлигини ўйлаб, бунга чек қўйишини сўраб ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди.

Мурожаатга асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Ҳакимов хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Д.Абдуллаеванинг ишончини суиистеъмол қилиб 1 миллион 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётган пайтда тезкор ходимлар томонидан ушланди. Суд томонидан Ш.Ҳакимовнинг бу қилмишига қонуний чора кўрилди.

С.Мардиев.