Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пластик картадаги пулларни Сlick орқали ўғирлаган шахс жавобгарликка тортилди

Хоразмда пластик карточкадаги пулларни Сlick дастури орқали ўғирлаган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 40 ёшли Каримбой И. ўзининг номига расмийлаштирилган сим картани ТИФ “Миллий банк” Шовот филиалида фуқаро 23 ёшли Г.Я.нинг номига расмийлаштирилган пластик карточкасига “Банк СМС” тизими орқали уланганлигини била туриб, ушбу пластик карточкадан Сlick дастури орқали 2019 йил 15 август кунидан 31 август кунига қадар 1.136.000 сўм ва 02 октябрь куни 1.114.000 сўм пулларни яширин равишда қўлга киритган.

Ҳолат юзасидан Шовот тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Каримбой И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169–моддаси 3-қисми “б” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Каримбой И. томонидан Г.Я.га етказилган моддий зарар тўлиқ ундирилган.

Каримбой И.га ушбу модда билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси қўлланилган. 2019 йилнинг 27 ноябрь куни жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Гурлан тумани судининг 2020 йил 8 январь кунги ҳукми билан Каримбой И. ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, унга бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.