“Пластик карта” эмас, “Банк карта"си
Бугун кўпчилигимиз баъзи нарса-буюмларни ўз номи билан атамай, унинг ўрнига бошқа, яъни оғзаки мулоқотда қўлланиладиган сўзларни ишлаташга кўникиб кетганмиз. Кундалик турмушда кам қўлланиладиган ёки бирор соҳагагина тааллуқли ном ёки ибораларда бу кам учрайди. Бироқ шундай номлар борки, уларни деярли ҳар куни ишлатамиз, лекин унинг тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўрмаймиз.
Турли маҳсулотларни харид қилиш ёки хизматлардан фойдаланишда тўловни нақт пулсиз амалга ошириш имконини берадиган банк картаси шулар жумласидан. Бугун деярли барча уни “пластик карта” сифатида билади. Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби тижорат банклари иш юритишда шу номдан фойдаланиб келмоқда. Аммо соҳага тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бу атамани топмайсиз. Унинг ўрнига ҳужжатларда “банк пластик карточкаси”, “банк картаси” ёки “пластик карточка” номлари қўлланилади. Хўш, буларнинг қай бири тўғри?
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “Пластик” (юнонча — ҳайкалтарошликка, ганчкорликка оид) сўзи бор. Ундан тилимизда икки хил маънони ифодалашда фойдаланамиз. Биринчиси, пластик ҳаракат, яъни тананинг нафосатли, ритмик ҳаракатланиши бўлса, иккинчиси, босим, ташқи куч таъсирида муайян шаклга кира оладиган ва босим тўхтагач, шу шаклни сақлаб қоладиган моддадир. Шу таърифларнинг остида “пластик карточка” сўзи ҳам келтирилиб, у айнан кредит карточкаси эканлиги кўрсатилган.
Луғатдан “карточка” сўзини изласангиз, унинг кўплаб маънолари қаторида “кредит карточкаси”ни ҳам топасиз. У банк томонидан ўз омонатчиларига уларнинг шахсий ҳисобида сақланаётган маблағларидан нақд пулсиз товар сотиб олиши ёки турли хизматлардан фойдаланиши учун бериладиган ҳужжат-гувоҳнома, дея тарифланади. Қизиқ томони, худди шундай таъриф “карта” сўзида ҳам бор.
Луғатдаги бу чалкашникни кўриб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги турли хил номларга ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин шу нарса аниқки, бугун тижорат банклари томонидан кенг қўлланилаётган “Пластик карта” номи на луғатда ва на норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган.
Маълумотларга кўра, кредит карочка ғояси биринчи маротаба 1888 йилда америкалик ёзувчи Эдвард Беллами томонидан ёзилган “Ўтмишга боқиб: 2000-1887” (Looking Backward: 2000—1987) номли фантастик китобда илгари сурилган. Бироқ, илк кредит карточкаси фақат 1914 йилда АҚШ даги компаниялан бири томонидан ишлаб чиқилган ва у фақат нефт маҳсулотлари билан боғлиқ савдо операцияларида ишлатилган. Энг қизиқи, биринчи карочта пластикдан эмас, балки картондан ясалган экан.
1928 йилда эса Бостондаги яна бир компания биринчи металл карточкани ишлаб чиқган. Сотувчи бундай шаклдаги металл пластинкани махсус қурилмага солиб, ундаги бўртма ҳарфларни савдо чекига тушириши керак бўлган. Лекин буларнинг барчаси фақат бир саноат тармоғи учун мўлжалланган бўлиб, кенг муомалага чиқарилмаган. Фақат 60 йиллардагина пластикдан ясалган, савдо-сотиқ учун мўлжалланган карталар ишлаб чиқарила бошлаган.
— Мен рус тилини яхши биламан, лекин Санк-Петербургдаги дўконлардан бирига кириб, касса олдида юзим қизарди, - дейди Т.Облақулов. – Сотувчига тўловни пластик карта орқали амалга ошираман, деганимда у нима ҳақида гапираётганимни тушунмади. Қўлимдаги банк картасини кўрсатганимдан сўнггина масала ойдинлашди. У ерликларга “пластик карта” атамаси бегона экан. Фақат биз ҳамон уни ўз орамизда “пластик”, дея аташга ўрганганмиз.
Гувоҳи бўлганингдек, бугун бу тўлов воситаси расмий манбаларимизда тўрт хил ном билан аталмоқда. Газета ва журналлар асосан тижорат банклари илгари сураётган “вариант”дан фойдаланишади. Лекин “пластик карта” сўзи Луғатда йўқ. Унинг ўрнига “пластик карточка” бор. Аммо бу ном ҳам мантиққа тўғри келади, деб бўлмайди. Нима қилиш керак?
Таклифим, кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган ушбу тўлов воситасини “банк картаси”, дея ягона ном билан атайлик. Шунда уни қисқартириб, “карта” дейиш ҳам хато бўлмайди. Ҳар холда бу “пластик” қисқартмасидан анча аниқроқ.
Асқар БАРОТОВ.