"Миллий банк" фуқароларнинг пластикдаги пулини ечиб олиши мумкинми?

Эрталаб телефонимга иккита СМС келибди. Очиб қарасам, иккита пластик картамдаги пуллар Миллий банк (NBU KR POGASH HUMO P)дан ечиб олинибди.

Тўғри, "Миллий банк" Самарқанд филиалидан уй-жой олиш учун кредит олганман. Ҳар ойда кредит қарзимни тўлаб келяпман. Лекин ҳали бунақаси бўлмаганди. Нима учун банк кредиторларни огоҳлантирмасдан пластигидаги пулларини ечиб олади? Бунга қанчалик ҳаққи бор? Банк аввал фуқарони огоҳлантириши керак эмасми? Менга банк томонидан на телефон қилишди, на СМС келди, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз пластигимдаги пуллар ечиб олинибди.

Сўнгра "Миллий банк"нинг Самарқанд филиали сайтини интернетдан топиб, алоқа телефонларига (+998 (93) 380-78-88, +998 (93) 383-55-05, +998 (93) 387-55-05) қўнғироқ қилдим. Афсуски, ҳеч қайсига туша олмадим. Ёки атайлаб шундай қилиб қўйилганми, билмадим.

Янаям ажабланарлиси, бугун эрталаб пластик картангиздан кредит учун NBU 00278 филиали фойдасига 450587.15 сўм ечилди, деган СМС келди. Ҳали иккинчи пластигимдан олинган пуллар учун СМС келгани йўқ.

Аслида иккала пластикдаги пуллар бир ойлик кредит тўловимга етмайди. Ундан кўра, банк ечиб олган пулдан кейин СМС юбормасдан бир кун олдин огоҳлантирса бўлмайдими? Айтганча, аксарият банкларнинг шиори - "Банк - мижоз учун", дейилган...

Яна бир нарса эсимга тушиб кетди. Россияда қайси компаниянинг абоненти бўлсангиз, ўша компаниядан уч кун олдин ҳисобингизни тўлдиринг, телефонингиз ўчиб қолиши мумкин, деган СМС кела бошлайди. Агар телефонингизга ойлик тўлов қилмасангиз компания оператори қўнғироқ қилади. Бизда-чи? Ҳамма нарса тескариси.

Хуршида Эрназарова.