Энди битта терминал ҳам UZCARD, ҳам HUMO карталарига хизмат кўрсатади

UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари жорий йилдаги ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини якунлади.

Шу тариқа ҳар иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилиш амалиёти намойиш этилди. Яқин ойлар ичида кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди - савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади.

27 декабрь куни UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилишни намойиш этдилар. Илгари терминалларда чекловлар мавжуд бўлган бўлса, эндиликда битта терминалда ҳам UZCARD, ҳам HUMO карталарига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.

Тўлов тизимларининг ҳамкорлиги бозор эҳтиёжларини янада фаолроқ аниқлаш ва зарур ечимларни тақдим этиш имконини беради.

Терминал ҳар иккала турдаги карталарни қабул қилишни бошлаши учун уни янгилаш керак. Яқин вақт ичида банкларга бундай янгилашни амалга ошириш учун зарур кўрсатмалар берилади.

Интеграция меморандуми доирасида UZCARD ва HUMO қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни давом эттиради:

- карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо шохобчаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

- технологияларни такомиллаштириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш инфратузилмасини кенгайтириш;

- тўлов инфратузилмасининг ишончлилиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.