Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент барчани яна бир марта огоҳликка чақирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус тарқалишини чеклаш, унинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Махсус республика комиссияси тузилиб, эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, карантин режимини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди.

Тиббиёт муассасаларини шай ҳолга келтириш ва қўшимча қувватларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Зангиота туманида 10 минг ўринга мўлжалланган махсус шифохона жадал суръатларда қуриляпти. Юқоричирчиқ туманида эса 10 минг кишилик махсус карантин зонаси қурилиб, ўз ишини бошлади. Бу ерда яна қўшимча 10 минг ўринга мўлжалланган карантин қурилиши бошланиб, 15 майгача топширилади.

Йиғилишда таъкидлаганидек, пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаромиз олиб келинди. Уларнинг барчаси 160  та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди.

Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.

– Энг муҳими – халқимиз юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, ўз хизмат вазифаларини масофадан туриб бажармоқда, шифокорлар тавсияси ва карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзларининг маданияти, онги ва интизоми билан барчага ўрнак бўлмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз онлайн дарс ва машғулотлар орқали таълим олишда давом этмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан узлуксиз таъминлаш тизими самарали йўлга қўйилган. Шунингдек, саховатли ва олижаноб юртдошларимиз томонидан кўрсатилаётган беғараз хайрия ёрдамлари манзилли равишда аҳолининг тегишли қатламларига ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Президентимизнинг қайд этишича, қисқа муддатда фуқароларимиз, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилгани – элимизнинг мазкур хавф-хатарга қарши елкама-елка курашишга тайёр эканлигининг ёрқин исботи.

– Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳудудларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният ва эртанги кунга ишонч билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юбордилар.

Стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат корхоналарида, муҳим қурилиш майдонларида иш кундалик режа асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилмоқда.

– Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда, – деди Президентимиз.

Лекин, мисли кўрилмаган даражада тарғибот ишларига қарамай уйида даволанган ва оғир ҳолатда ётқизилган 40 яшар бемор кеча оламдан ўтди.

Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирар экан, давлатимиз раҳбари яна бир бор барчани огоҳликка чақирди. “Касаллик аломатини сездингизми, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг. Такрор айтаман, касалликни оиламизга кириб келмаслиги, ўзимиз ва яқинларимизни ушбу иллатдан сақлаб қолиш, энг аввало, ўзимизга боғлиқ!”

Афсуски, карантин ва санитария-гигиена талабларига бефарқ қараётган шахслар ҳам йўқ эмас

Масалан, ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, жарималар қўлланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланган.

– Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.

Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дину диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз,” – деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.