Профессор-ўқитувчилар мактаб ўқувчиларини зарур методик қўлланмалар билан таъминлайди
Кеча Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали профессор-ўқитувчилари Ургут туманидаги 143-, 145-, 150-умумий ўрта таълим мактаблари биология ва математика фани ўқитувчилари иштирокида мастер-класс машғулотлари ташкил этди. Олиб борилган машғулотларда мактаблардаги фан ўқитувчиларнинг билимини бойитиш, дарслар давомида ўқувчиларга фаннинг мураккаб жиҳатларини тушунтириш, янги педагогик технологияларга кенг эътибор қаратилди.
Фундаментал фанлар кафедраси мудири, доцент Йигитали Тошпўлатов ва кафедра ўқитувчиси Элдор Исомовлар мактабда биология фанидан бўлиб ўтган очиқ дарсда қатнашиб, ўқувчи-ёшларнинг фанга бўлган қизиқиши юқорилигини, ўқитувчининг берган саволларига дадил жавобларини ҳамда аксарият ўқувчилар қўшимча саволлар ҳам бераётганини эътироф этди.
Кафедра ўқитувчиси Шароф Кенжаев 8-синфда ўтилган алгебра дарсини таҳлил қилиш давомида ўқитувчининг ютуқлари билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликларини ҳам келтириб ўтди.
Филиал профессор-ўқитувчилари мактаб ўқитувчиларининг очиқ дарсларини ташкил этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, йўл қўйилаётган методик нуқсонларни бартараф этиш, ёш, тажрибаси кам ўқитувчиларга филиалнинг малакали педагог-олимлари билан “Устоз-шогирд” тизимида фаолият олиб боришини ташкил этиш юзасидан амалий ишлар муҳокама қилинди.
Мазкур мактабларда 2020-2021 ўқув йилида 120 нафардан ортиқ битирувчи ўқувчилар мавжуд. Улар билан очиқ суҳбат чоғида қайси олий ўқув юртларига ҳужжат топширмоқчи эканлиги, уларни ҳозирда қийнаб келаётган масалалар, мактаб ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро алоқанинг самарадорлиги юзасидан қилиниши лозим бўлган ишлар келишиб олинди. Филиал профессор-ўқитувчилари битирувчи ўқувчиларни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида қўлланиладиган тест саволлари, машқ ва масалалар тўплами каби методик қўлланмалар билан таъминлайдиган бўлди.
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.