Қашқадарёдаги Кенгашлар котибият мудирлари Самарқанд тажрибаси билан танишди

Қашқадарё вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари котибияти мудирлари дастлаб халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашида бўлди.
Улар котибиятнинг иш фаолияти, Кенгаш сессияларига ҳужжатлар тайёрлаш, доимий комиссиялар томонидан сессияларга масала киритиш, сайловчилар мурожаати билан депутатларнинг ишлаш тартиби бўйича ўзаро фикр алмашди.
Шунингдек, улар вилоят Кенгашининг депутатлар ва сенаторлар хонаси, “Маслаҳат кенгаши” ва доимий комиссияларининг иш ҳужжатлари номенклатураси билан танишди. Бу ерда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши котибият мудири Ш.Юлдашев қашқадарёлик котибият мудирларига сессиялар олдидан “Маслаҳат кенгаши” йиғилиши ўтказилиши, сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари томонидан ўрганилган масалалар муҳокама қилиниб, сўнг сессия кун тартибига киритилиши ҳақида гапирди.
- 2020 йил январь ойида Олий Мажлис Сенатининг дастлабки ялпи мажлисида Президентимиз маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг назорат фаолиятини кучайтириш бўйича муҳим таклифларни билдирган эди, - дейди халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши котибияти мудири Нилуфар Ўтаганова. – Шундан келиб чиқиб, дастлаб намуна сифатида Самарқандда, сўнг бошқа вилоятларда Кенгаш котибияти тузилди. Шунинг учун сессияларни ташкил этиш, Кенгаш ва доимий комиссиялар иш режаларини шакллантириш, уларнинг ижросини мувофиқлаштириб бориш, умуман, Кенгаш фаолияти билан боғлиқ ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий фаолият бўйича Самарқандда катта тажриба тўпланган. Бугун биз бу тажрибани амалда кўрдик, ўргандик, айрим жиҳатлар бўйича котибият мудирлари, депутатлар ва сенаторлар билан фикр алмашдик.