Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда «майизхўр» талончилар қўлга олинди

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани, Оқмачит қишлоғида яшовчи Н.Б. 7 октябрь куни ўз бошқарувидаги “Labo” русумли автомашинага 20 қоп майизни юклаб, Навкат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи йўлда кетаётганда кутилмаганда транспорт воситаси панд берди. У ўз-ўзидан мотори ўчиб қолганига ақли етмай, шу ерда бироз қолиб кетди. Вақт 02:30га яқинлашганида узоқдан яқинлашиб келаётган машинани кўриб, унинг чеҳраси ёришди. Кўмак олиш умидида машина томон тинимсиз қўл кўтариб тўхташига ишора қилди.

Машина яқинлашиб тўхтади. “Кобальт” русумли автомашинадан икки номаълум шахс тушиб, ҳеч бир сўз демасдан, Н.Б.нинг олдига яқинлашди ва уни саволга тутди. Кейин эса Н.Б.нинг турли жойларига уриб кетишди. Хуллас, талончилар Н.Б.га жиддий жароҳат етказиб, 20 қоп майизни машинага ортганича воқеа жойидан яширинишди.

Жабрланувчи ўзига келиб, тезда бу ҳақда ички ишлар органига мурожаат қилди. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Қўшработ туманининг  Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи Э.Д. ва Н.Н. содир этгани аниқланиб, улар қўлга олинди.

“Postda” нашрининг хабарига кўра, айни пайтда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари давом этмоқда.