Тунлари фуқароларнинг тинчини бузиб, талончилик қилиб юрган ўсмирлар эндиликда суд олдида жавоб беради

Жорий йилнинг октябрь ойларида 19 ёшли Элбек Р. ўзининг жиноий шериклари - 17 ёшли Шохрух В. ва Отабек Ғ., 20 ёшли Ислом И. ҳамда 19 ёшли Аброр А. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, ўзганинг мулкини эгаллаш мақсадида жиноий режа тузган. Жорий йилнинг октябрь ойидан декабрь ойларигача бўлган вақт мобайнида улар фуқароларнинг телефон аппаратларини очиқдан-очиқ талон-торож қилганликлари аниқланган.

Жумладан, 7 ноябрь куни соат 23:00 ларда жиноий гуруҳ Асака тумани Қашқар МФЙ ҳудудида 18 ёшли Бобур Ф.нинг “SAMSUNG GALAXY NOTE-8” русумли уяли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Бундан ташқари, юқоридаги каби ҳолатлар 21, 26, 31 октябрь ва 3 ноябрь кунлари ҳам содир этилганлиги аниқланган. Гуруҳ аъзолари уяли алоқа воситаларини бозорда сотиш орқали пулларни ўзаро тақсимлаб, эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан аввалига юқоридаги ҳолатларни ким содир этганлигини аниқлаш мақсадида номаълум шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов натижаларига кўра, талончиларнинг шахси аниқланган ва жиноят ишлари бирлаштирилган.

Юқоридаги қонунбузарларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (такроран содир этилган талончилик), 127-моддаси 3-қисми (вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) билан айбловлар эълон қилиниб, тегишли эҳтиёт чоралари танланган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур жиноят иши бўйича 14 декабрь куни айблов хулосаси тузилиб, суд муҳокамасига юбориш учун туман прокуратурасига юборилган.