Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қозоғистонда президент сайлови: Экзитполга кўра Тоқаев мутлақ етакчи

Кеча, 9 июнь куни Қозоғистонда президент сайлови бўлиб ўтди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш институти ўз экзитполини эълон қилди. Унда амалдаги вақтинчалик президент Қасим-Жўмарт Тоқаев сайловчиларнинг 70% дан ошиқ овозини олган.

Унинг ортидан "Ислоҳот" ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жамоат ташкилоти президенти Амиржан Косанов бормоқда. Унга сайловчилар 15.39 фоиз овоз берган. Кейинги ўринда депутат Дания Еспаева бормоқда. Унга 5.32 фоиз овоз берган.

"Ёшлар" тадқиқот маркази эълон қилган экзитполга кўра Тоқаев 69.94 фоиз, Косанов 14.96 фоиз, Еспаева 4.48 фоиз овоз олган.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра ушбу сайловда сайловчиларнинг 77.4 фоизи қатнашган.

Кўпчилик мутахассислар ҳам ушбу сайловда сайловчиларнинг 60-70 фоиз қатнашишини тахмин қилган эдилар.

Ушбу сайловда умумий 7 нафар номзод қатнашди. Овоз бериш натижаларининг экзитполига кўра 1-ўринда бораётган Тоқаев мамлакатда энг таниқли ва оммабоп бўлган "Нуротан" партиясидан ўз номзодини қўйган.

Сайловдан аввал номзодларнинг овоз олишлари ҳақида турли тахминлар билдирилган ва ҳатто сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши эҳтимоли ҳақида кўп гапирилган эди. Амалда эса ундай бўлмади ва экзитполларга кўра Тоқаев мутлақ биринчи ўринда кетмоқда ва у бошқа номзодларни катта фарқ билан ортда қолдирмоқда.