Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Қулоқ»лар фожиаси

Аслида русча «кулак» сўзи ўзбекчада «қулоқ» ёки ўша давр тақозосига кўра «муштумзўр» деб нотўғри талқин қилинган. Чунки русча «кулак» сўзининг ушбу таржималарга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Руслар «кулак» иборасини қўллаганда, муштини бир жойга тўплаб, ҳар топган тийини ёки сўмини ақл билан ишлатиб, бирини икки қилувчи, ниҳоятда тежамкор, ишбилармон кишини назарда тутишади. Афсуски, шўро тузуми ўз сиёсатига мослаб, тўкин яшашга интилган кишини «кулак» иборасини салбий маънода ишлатиб пастга уриш, уларнинг мавқеи, ишбилармонлигидан фойдаланиш ўрнига мол-мулкини тортиб олиб, ўзларини қамаб ёки турли жойларга сургунга йўллаб абгор қилиш сиёсатини тутди. Яъни «Йўқолсин бойлар, яшасин йўқсиллар» шиори том маънода амалга оширилди.

«Қулоққа тортиш» ишлари Самарқанд вилоятида ҳам кескин тарзда олиб борилди. Вилоятнинг турли ҳудудлари, айниқса Зарафшон, Оқдарё, Қорадарёдан сув ичадиган туманларида деҳқончилик ривожланган, ерлар ҳосилдор эди. Шу сабабли ўзига тўқ, 1928-1930 йиллар ўлчови билан таққослаганда бошқа жойларга нисбатан бой ҳисобланувчи хонадонлар кўпроқ эди. Улар аёвсиз қатағонга учради. Бундай кишиларнинг бир қисми эса «қулоқ»қа тортилиб, азоб-уқубатлар гирдобида қолишдан кўра ёлғиз ўзи ёки иложини топгани бола-чақаси билан чет элларга чиқиб кетишни афзал билдилар. Беш-олти йилга Ўзбекистоннинг шароити оғир ҳудудларига ёки Шимолий Кавказ, Украина, Қозоғистон, Сибирь томонларга кўчириб юборилган «қулоқ» хонадонлар у жойларда 14-15 йил қолиб кетди. Мана шу «қулоқ»ларнинг маълум бир қисми махсус меҳнат лагерларига оиласи билан юборилиб, ўзлари қурган ертўла, чайла ёки гуваладан кўтарилган уйларда яшаб, тўқайзорларни, бўз ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган. Уларни «меҳнат кўчкиндилари» деб аташган. Бундай жойлар доимо назоратда бўлса-да, лекин 30-йилларнинг бошларида қаттиқ қўриқланмаган. Шу сабабли бундай жойларга кўчирилган «қулоқ»ларнинг бир қисми 4-5 йил меҳнат қилиб, ўз қишлоқларига қайтишган, баъзилари эса у ерлардан тўғридан-тўғри қочиб кетишган.

Лекин 1937 йилга келиб, «катта қатағон» бошлангач, бу офатнинг доми уларни яна, аввалгисидан ҳам даҳшатлироқ тарзда торта бошлади.

1937 йил 2 июлда Сталин 863/ш рақамли «Аксилшўровий унсурлар тўғрисидаги директива»ни Кагановичга айтиб турган ва у «доҳий» оғзидан чиққан қуйидаги сўзларни ёзган:

«Шу нарса аён бўлдики, бир пайтлар турли вилоятлардан Шимолдаги ва Сибирдаги районларга юборилган, сургун муддати ўтганидан кейин эса, ўз вилоятларига қайтган собиқ «қулоқ»лар ва жиноятчиларнинг катта қисми колхоз ва совхозларда бўлганидек, транспортда ва саноатнинг айрим соҳаларида ҳам турли-туман аксилшўровий ва диверсион жиноятларнинг бош сабабчилари бўлмоқдалар. ВКП(б) МК вилоят ва ўлка ташкилотларининг барча секретарларига ҳамда НКВДнинг вилоят, ўлка ва респуб­ликалардаги барча вакилларига ўз юртига қайтган «қулоқ»лар ва жиноятчиларнинг энг ғаразгўйларини Учлик­лар орқали маъмурий йўл билан дарҳол ҳибсга олиб отиб ташланиши учун барчасини ҳисобга олишни, қолганларни, ашаддий бўлмаган, аммо ғаразгўй унсурларни эса рўйхатга олиш ва НКВДнинг кўрсатмаси асосида районларга юборишни таклиф қилди. ВКП(б) МК беш кунлик муҳлатда Учликлар таркибини, шунингдек, отишга мўлжалланганлар сонини, шу билан бирга сургун қилинувчилар сонини МКга тақдим этишни таклиф қилади.

МК секретари И.Сталин».

(Сидаров Н.Списки смерти«Совершенно секретно» газетасининг 2007 йил 9-сони)

Мана шу биргина хат туфайли «қулоқ» тамғаси қўйилган яна минглаб кишиларнинг бир қисми отувга, қолганлар 8-10 йилга қамоққа ташланди.

Сиёсий бюронинг 1937 йил 2 июлдаги «Советларга қарши унсурлар тўғрисида»ги қарори кенг кўламли қатағонни ўтказиш учун йўл очди.

НКВД комиссари Н.Ежов томонидан 1937 йил 30 июлдаги 00447-сонли мутлақо махфий оператив буйруғи қатағоннинг оммавий тус олишида бош омил бўлди. Унга мувофиқ, фақат тўрт ярим ой давомида, яъни 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича жами 10700 киши қамоққа олинган, улардан 3613 киши 1-тоифа бўйича отувга, 7087 киши 2-тоифа бўйича 8-10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ушбу буйруқ ижросини таъминлаш учун республикалар, ўлкалар, вилоятлар ҳудудларида оператив секторлар ташкил қилинган.

Келинг, ўша пайтлари вилоятимиздан қайта қатағонга учраган айрим «қулоқ»лар иши билан танишиб, уларнинг тақдирига назар ташлайлик.

Нарпай туманининг Косагарон қишлоғидан бўлган Ҳидоят Тўхтамишев собиқ «қулоқ» ҳисобланиб, 1931 йилда «давлат мажбуриятини бажармаган»ликда айбланиб 5 йил қамоққа ҳукм қилинган. Жазони ўтаб келиб колхозда қоровул бўлиб ишлаётган пайтида уни партия ва ҳукумат раҳбарлари тўғрисида «ноцензур» гаплар айтганликда айблаб 1937 йилда 10 йил қамоқ жазосига тортилган.

Шу туманнинг Тим қишлоғидан (ҳозир Нуробод тумани таркибида) бўлган Болта Мусулмонов «собиқ қулоқ», 1932 йилда «давлат мажбуриятини бажармаганлиги учун» 3 йилга қамалиб, у ердан қочган, «давлатга қарши мағлубиятчилик тарғиботи олиб борган» деган айбловлар билан 1937 йил 12 августда 10 йил қамоққа ҳукм қилинган.

Пайариқ туманининг Ойтамғали қишлоқ кенгашига қарашли Райим қишлоғида яшаган «собиқ қулоқ» Ғани Шаропов эса «Колхозга кириб олиб доимий равишда пахта экишни барбод қилишга қаратилган тарғибот олиб борган», «мағлубиятчилик кайфиятини билдирган», «фашистик Германия ва бандит Троцкийни мақтаган»ликда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган.

Паст Дарғом туманининг Работ қишлоғилик Тўра Мирзаевга «қулоқ» сифатида бош­қа жойларга «меҳнат кўчкиндиси» этиб юборилганига қарамай ўша ерда 1937 йил 18 августда «Меҳнат кўчкиндилари орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борган», «халқ душманларини мақтаган» деган айб­лар билан судланиб, 10 йил қамоқ жазоси берилган.

Самарқанд туманининг Қўтирбулоқ қиш­лоғидан бўлган Мулла Элчи Ўрозов илгари «қулоқ» сифатида судланган. Ҳибсга олинган пайтда колхозда ишлаётганига қарамай, «колхозга қарши аксилинқилобий тарғибот олиб борган» деган айб билан унга ўлим жазоси белгиланган.

Қорадарё туманининг Бурҳон қишлоғида истиқомат қилган Тўйчи Улуғмуродов 1930 йилнинг бошида «қулоқ» қилиниб, махсус мажбурий меҳнат жойларига сургун қилинган бўлса-да, ўша ерда қайта ҳибсга олиниб, «Атрофдагилар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борган, халқ душманларини мақтаган» деган айб қўйилиб, 1937 йил          4 октябрда 10 йил муддатга қамалган.

Шу туманнинг Қирқйигит қишлоғилик Зокир Шукуровнинг қисмати эса янада аянчли бўлди. 1932 йилда ҳам «қулоқ» сифатида, ҳам «колхоз мулкига зиён етказган» деган айблов билан тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Орадан бир йил ўтиб, қамоқда ўтирган одамга «аксилинқилобий фаолият учун» деб яна 10 йил қўшадилар. Буларни қўлидан энди омон чиқмаслигига кўзи етган Зокир Шукуров қамоқдан қочиб, яширинади. Лекин 1937 йилда собиқ «қулоқ»ларга нисбатан қайта хуруж бошлангач, уни яна қўлга олади ва отувга ҳукм қилади.

Ҳозиргача аниқланган ҳужжатлардан шу нарса аёнки, 1937 йил августидан 1938 йил августигача Самарқанд вилоятидан 569 киши «қулоқ» сифатида қатағон қилинган. Уларнинг 70-74 фоизи «собиқ қулоқ» ва деҳқонлар бўлган. Бу одамларнинг 305 нафари коллективлаштириш давридаёқ биринчи марта «қулоқ» қилинган эдилар.

Фақат Самарқанд вилоятининг ўзидан юзлаб бундай мисолларни келтирса бўлади. Шуни эсда тутиш лозимки, улар Украина, Шимолий Кавказ, Қозоғистон, Сибирь томонларга сургун қилинган минглаб хонадонлар, 8-10 йилга қамалган ёки суд қарори билан 30-йиллар бошида отиб ташланган «қулоқлар» сонига кирмайди.

Умуман, партия, совет давлати томонидан зўравонлик ва турли найранглар билан «қулоқ»ларга нисбатан такрор ва такрор ўтказилган қатағон сиёсати Ўзбекистон аҳли учун оғир фожиа эди. Бу бир томондан минг­лаб одамларнинг қамалиши, сургун қилиниши, маълум қисмининг отилишига сабаб бўлса, иккинчи томондан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилишининг кескин пасайишига, 1932-1933 йиллардаги очарчиликка ҳам ўз таъсирини ўтказган. Мустабид тузум «қулоқ» тамғасини ўтказилаётган ислоҳотлардан норози бўлган барча кишиларга ҳатто камбағал деҳқонларга ҳам босди. Уларга «қулоқнинг думи», «муштумзўрлар тарафдори» деб ном берилиб, жазога тортилди.

Музаффар МУҚИМОВ,

Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.