Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Расул Кушербаев: Фуқаролар, сиз талаб қилинг! Масъуллар, сиз қонунни ҳурмат қилинг!

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев яна "снос" масалаларида фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини талаб қилиши ҳақида гапирди.

"Агар сиз қайсидир ҳокимлик ёки бошқа маъмурий органнинг қарорига асосан уй-жой, иморат, бино қуриш учун ер олган бўлсангизу, лекин кейинчалик бу ер кимлардир томонидан ноқонуний, ўзбошимча эгаллаб олинган, деб бузиш талаб қилинса, бузманг.

Чунки қонун сизнинг ишончингизни ҳимоя қилади. Кўпинча ҳоким кетиб ўрнига янги ҳоким келса, шундай бўлади.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг 59-моддасида “Агар манфаатдор шахс (бу ўринда фуқаро, муаллиф таҳрири) маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим”, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 16-моддасида “Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади”, дея кафолатланган.

Зўравон масъуллар, халқни қийнаб медал олгандан кўра, адолат қилинг!

Қонуннинг ушбу талабларидан келиб чиқсак, сизнинг манфаатингиз учун хизмат қиладиган бундай ҳужжатлар қайсидир "осмондан тушган зўравон"нинг хоҳишига кўра, бекор қилиниши мумкин эмас.

Бу тартиб ер олиб ҳалол ва виждонан деҳқончилик қилаётган фермер ва деҳқонларимизнинг ерларини "зўравонлик" билан олиб қўйиш бўйича қарорлар қабул қилинишига ҳам тегишли. Бундай қарорлар қабул қилиниши мумкин эмас. Ҳатто Ҳукумат томонидан ҳам.

Фуқаролар, сиз талаб қилинг! Масъуллар, сиз қонунни ҳурмат қилинг!", деб ёзди Расул Кушербаев.