Депутат коронавирусни тарқатишга атайин йўл қўйиб бераётган масъулларга чора кўрилишини талаб қилди
Коронавирус билан қарши курашда аҳолини ҳушёрликка чақириб, карантин қоидаларини бузганлик учун қатъий чоралар қўлланаётган бир вақтда бир қатор масъулларнинг ўзлари коронавирусни тарқатишга атайин йўл қўйиб беришмоқда, деб ёзди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.
"Зангиота туманида ташкил этилган коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус касалхонада касалланган беморлар учун ишлатилган тиббий буюмлардан иборат чиқиндиларнинг бир қисми атроф-муҳитга ташланмоқда. Хусусан, куни кеча Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ туманлари, Чирчиқ дарёси атрофига ташланган бундай чиқиндилар аҳолининг кескин эътирозига сабаб бўлди.
Бугун менга келган мурожаат ва маълумотларга кўра, айни вақтда учта ҳудудда ана шундай чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари аниқланган. Ачинарлиси, коронавирусда ишлатилган чиқиндилар дарё сувига қадар сочилиб кетган.
Ўрганиш давомида яқин вақтгача бундай чиқиндиларни йўқ қилиш билан шуғулланиб келган «Med class plus» МЧЖ бу хизматни тўхтатиши оқибатида шундай муаммо келиб чиққани маълум бўлди. Ушбу тадбиркорлик субъекти стандартларга мувофиқ, коронавирусда ишлатилган буюмлар чиқиндисини ёқиб, йўқ қилиш билан шуғулланиб келган. Бироқ масъуллар томонидан негадир ушбу МЧЖдан бу хизмат олиниб, бошқа тадбиркорга берилган ва янги тадбиркор чиқиндиларни тўлиқ ёқиб, йўқ қилишнинг уддасидан чиқа олмагач, яширинча атрофга чиқариб тўкишни бошлаган.
Озгина фойда оламан деб, ўз яқинлари, юртдошлари қолаверса, мамлакат тақдирини хавф остига қўйиб, бундай иш билан шуғулланишни нима деб атаса бўлади ўзи? Пасткашлик. Бундай қилаётган одамнинг ўзи ҳам уни яширинча қўллаб-қувватлаб фойдани «арра» қилмоқчи бўлган масъуллар ҳам энг пасткаш ва кечириб бўлмайдиган ишга қўл уришибди. Бунинг бошқа номи йўқ. Бу халқни оғир кунидан фойдаланиб қилинган жиноят.
Умид қиламанки, барча даражадаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва виждони бор масъуллар бу вазиятни шунчаки қолдирмай, тезкор чоралар кўришади.
Шунингдек, қонунга мувофиқ чиқинди ташланган ҳудудларни вирусдан тўлиқ зарарсизлантириш, муаммони ҳал этиш ва айбдорларни жазолашларини ҳам талаб қиламиз!", дея пост қолдирган депутат Телеграмдаги саҳифасида.