Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқанд” автошоҳбекатида бошланган жанжал ўлим билан якун топди

Жорий йилнинг 31 майидан 1 июнга ўтар кечаси соат 23:30 да фуқаро 27 ёшли Д.Р. Нарпай тумани Сарбозор маҳалласида жойлашган “Мирбозор” савдо бозорининг олдидаги “Самарқанд” автошоҳбекатида Навоий вилоятидан келаётган почтани кутаётган вақтида 47 ёшли Ш.У. ўзининг бошқарувидаги “Damas” русумли автомашинасида келиб, фуқаро Д.Р.нинг ўнг елкасидан туртиб ўтиши натижасида юзага келган жанжалда фуқаро Д.Р. қўли билан ҳайдовчи Ш.У.нинг юзига бир маротаба урган вақтида Ш.У. ердаги тошга йиқилиб тан жароҳати олган.

Ш.У. олган тан жароҳатлари билан Нарпай тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳолат бўйича Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Д.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 2 июнь куни соат 11:30 да Ш.У. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Шу сабабли жиноят иши ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) қайта малакаланган. Р.Д. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.