Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида шаҳар давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган икки қаватдан иборат марказда фуқароларга бир кунда 148 турдаги 2 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Электрон навбат тизими 18 та мониторда акс этиб туради, 36 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.  

– Илгариги бинода кутиш залининг торлиги боис мурожаатчилар ичкарига кирса, қолганлари йўлакда кутиб қолишарди, – дейди Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази директори Суҳроб Қодиров. – Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган ушбу муҳташам марказ биносида эса фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар учун махсус ўйин майдончаси ажратилган. Шунингдек, шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, инвесторлар хонаси, адвокатура, нотариус ва суғурта бўлими, банк кассаси, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ҳамда фуқаролик паспортини бериш бўйича шаҳар ички ишлар бўлими ходими хонаси ташкил этилган. Бундан ташқари, кутиш залида мўъжаз китоб жавони бўлиб, фуқаролар бу ерда жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларини мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади. 

Марказнинг иккинчи қаватига эскалатор ҳамда лифтда чиқилади. Марказ биноси “KAYUMOV STRОY INVEST” МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Тадбирда Давлат хизматлари агентлиги раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).