Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳри кунида қандай тадбирлар режалаштирилмоқда?

Кеча, 6 октябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги ҳокимлик соатида бу ҳақда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, 18 октябрь - Самарқанд шаҳри кунида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда бир қатор тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, Амир Темур мақбарасида қуръон тиловати, қурбонлик тадбирлари ўтказилиб, Соҳибқирон ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ташкил этилади. Вилоят мусиқа драма театри, “Обод маскан” маҳалласи, Регистон майдони (3D) ва Кимёгарлар шаҳарчасида концерт дастури намойиш этилади.

Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Азим шаҳрим - Самарқанд” мавзусида жонли ижродаги қўшиқларнинг онлайн танлови ўтказилиб, ғолиблар тақдирланади.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва “Овози Самарқанд” газетаси томонидан “Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва қадамжоларни асраб-авайлаш - фарзандлик бурчимиз” мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказилади. Шунингдек, газета таҳририяти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда “Самарқанд - шарқ гавҳари” мавзусида танлов ташкил қилади.

Байрам олдидан шаҳар марказий кўчалари ва тадбир ўтказиладиган ҳудудлар байрамона безатилиб, баннерлар ўрнатилади. Алишер Навоий кўчасига тўртта рамзий дарвоза ўрнатилиб, “Табиат саховати” деб номланган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилади. 18-20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ярмаркада тайёр озиқ-овқат (сут, гўшт, балиқ, ун маҳсулотлари) ва кундалик эҳтиёж моллари ҳам савдога қўйилади. Шунингдек, ҳудудда “MADE IN UZBEKISTAN” бренди остида трикотаж, кийим-кечак, пойабзал маҳсулотлари сотилади.

Уч кун давомида шаҳарнинг марказий истироҳат боғида “FOOD COURT” ва миллий таомлар сайли бўлиб ўтади.

Байрам куни вилоят ахборот ресурс маркази, Орзу Маҳмудов кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм ҳудуди ҳамда Давлат хизматлари агентлигининг янги биносининг очилиш тадбирлари ўтказилади.

Самарқанд шаҳри кунида тарихий обидалар ва музейларга ташриф буюрувчиларга бепул хизмат кўрсатишни ташкил этиш кўзда тутилган.