Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоят ҳокимидан журналист Каримберди Тўрамурод нега норози?

Самарқанд вилоят ҳокими саккиз марта шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказди. Мен уларни ОАВ орқали кузатдим, қабулларда жуда кўплаб одамлар иштирок этишини, мурожаатчилар оддий ангушвонадан тортиб, маиший техникагача, машинадан тортиб, уй-жойгача сўрашларини эшитиб юрдим.

Очиғи, мен ўзимни ҳокимлардан сал четга тортиб юрганим учун ҳам бундай қабулларга бормай юрдим. Яна “Бир ҳокимга келганчалик одам менга ҳам мурожаат қилаяпти-ку?” деган озроқ кибрим ҳам бор эди.

Сиз нега сайёр қабулларга бормаяпсиз? – деб сўраб қолди бир дўстим. – Сайёр қабулларда жуда ғалати ишлар бўлаяпти, борсангиз, ёзишингиз учун кўп мавзуларни топасиз. Биласизми, 4-5 та “дежурний” мурожаатчилар бор, ҳоким шаҳарда қабул ўтказадими, Ургутда ўтказадими, узоқ Пахтачи ё Қўшработда ўтказадими, албатта, ўшалар боради ва биринчи қаторга ўтириб олади. Тартиб ўрнатувчилар уларга “Сиз олдинги сафар ҳам келувдингиз-ку, бир сафар дам ола қолинг”, деб кўрсин-чи, томошани кўрасиз. Ишончим комил, ўшалар вилоят ҳокими Қорақалпоғистонда сайёр қабул ўтказса ҳам боришади.

9-қабул Қорақалпоғистонда эмас, шаҳарнинг биқинидаги Самарқанд туманида бўлгани учун мен ҳам бордим, дўстим “томошани кўрасиз”, дегани учунгина бордим. Ёмғир ёғаётганига қарамай, мингга яқин одам йиғилган эди. Менинг эътиборимни тортган нарса шу бўлди-ки, қабулга жуда кўплаб ногиронлар келган эди, бири аравачада, бирининг кўзи боғланган, яна қайсидир эшитмайди, қўлтиқтаёқда келганлари қанча, қайси бирини икки киши қўлтиқлаб олган. Яна бир нарса эътиборимни тортди: кўпчилик аёллар бир боласини бағрига босиб, камида 2-3 та боласини етаклаб олган. Болалари гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа “ўрмалаб” кетиб, ўзини ҳам сарсон қилади, қолганларнинг ҳам тинчини қочиради...

Хуллас, сайёр қабул бошланди. Илк англаганим шу бўлди-ки, мен кўрган ногиронларнинг аксарияти уни етаклаб келган ўғли ё қизининг муаммосини айтишга келган экан. “Ўғлимга ер беринг”, “Қизимга уй беринг”, ...

Аёлларнинг эса 90 фоизининг дарди битта: уй беринг! Тавба, уларнинг арзини эшитиб, ёқамни ушладим:

– Эрим ногирон, саккизта болам бор, уй беринг!” 

Астағфируллоҳ, эринг ногирон бўлса, саккизта туғдирибди-ку, нега уй қуришга ярамайди?

- Эрим ишёқмас, дангаса, топгани ейишимизга етмайди, уй беринг!

Ёлғончи, етаклаб олган тўрт боласи шу эридан бўлса, уни дангаса деб бўладими?

- Эрим Россияда, пул юбормаяпти, уй беринг!

Э, Россияда ишлаётган болалар 2-3 қаватли уйларни қуриб, “Каптива” миняпти, сенинг эринг у ёқда топганини бошқаларга сарф қилиб, кайфу-сафо қилиб юрса-ю, бу ёқда сенга уйни ҳоким қуриб берсинми?

– Фалон тумандан келдик, ижарама-ижара юриш жонимизга тегди, уй беринг!

Э, кучингдан! Қишлоқларнинг одамлари шаҳарга келаверса, ҳоким уларга уй бераверса, ҳамма шаҳарга келиб олади-ку? Подани ким боқади?

Энг қизиғи, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов уларнинг ҳар бирининг гапини бўлмай, тоқат билан охиригача эшитар, тегишли мутасадди раҳбардан суриштирар ва ёрдамчиларига “Бу аёлни фалон рўйхатга киритинглар, арзон уйлардан берамиз”, дерди.

Ҳокимга ҳам беш кетмадим. Унинг ўрнида мен бўлганимда уй сўраб турган аёлларнинг эрларини топдириб келиб, уларнинг кетига яхшилаб тепардим! “Падарингга лаънат, саккизта туғдиришни билиб, уй қуришни билмайсанми”, деб. “Ҳали бу саккизта боланг ҳам уй сўраб келади, уларга уйни қаердан топаман”, деб калласига солардим. 

Дўхтирларга буюриб, уни бошқа туғдиролмайдиган қилиб қўярдим. Эрим ишёқмас деган аёлларнинг эрларини топдириб келиб, мажбуран ишлатардим. Россияда юрган хотинбозни чақиртириб олиб, думига хотини ва болаларини боғлаб берардим.

Битта гапни айтаман: мен шу пайтгача нимага эришган бўлсам фақат ва фақат ўз меҳнатим, пешона терим билан эришдим. Бир вақтда тўрт жойгача ишладим. Мактабда дарс бериш билан бирга қишлоқ маданият уйига директорлик ҳам қилдим. Ҳафтада икки кун бориб, болалар боғчасида болаларга “Қўғирчоғим Наташа”ни ўргатишга ҳам уялмадим. Ҳафтада бир кун шаҳарга келиб, бир ташкилотда бир кеча қоровуллик қилишимни ҳатто уйимдагилар ҳам билишмасди. Шунча ишнинг устига даладан ер олиб, тамаки ҳам экардик. Эр-хотин эшакдай ишлардик. Яна томорқамизга ҳам экин экиб, уларни сотиб, даромад қилардик. Шунча ишдан ортиб, тўйларга чиқиб, қўшиқ ҳам айтардим. Тўйларда кураш тушиб ҳам пул топардим. Яна шеър, қўшиқ, ҳикоялар ёзиб, уларга ҳам қалам ҳақи олишимни айтинг! Ана шу машаққатларим эвазига қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам уйим бўлди, машинам бўлди, кийим-кечагим, ҳатто қизил бўйинбоғим ҳам бўлди!

Аммо умрим давомида инсон зотидан иккита нон сўрамадим!

Буларни ўзимни мақташ учун айтмаяпман, ваҳоланки, қирқ ёшимгача қилган ишларимни ўйласам, бугун ваҳимага тушаман, шунча ишга қандай вақт топган эканман, деб. Нима учун ёздим?

Бугун эркакларда ор қолмади, номус қолмади, шараф қолмади! Ҳокимнинг қабулига келиб, уй сўраб, пул сўраб, озиқ-овқат сўраб турган аёлларнинг эрлари ташқарида пойлаб туришганини ҳам биламан. Аёллари қабулдан чиқишлари билан “Нима бўлди, бирон нима ундириб чиқдингми?” дейишларини ҳам, жавоб ижобий бўлса, “Яшасин ўзимнинг хотиним, сени шунинг учун яхши кўраман-да, кейинги сафар бошқа нарса сўраймиз”, дейишини ҳам яхши биламан. Ўшаларга битта саволим бор:

– Эй, номард эркак, бировнинг қизига бахт беролмасанг, бир уй, бир даҳлиз қуриб беролмасанг, қорнини тўйғизолмасанг, устини бут қилолмасанг, қум ейсанми уйланиб?

Ўлай агар, мен ҳоким бўлганимда ана шунақа эркакларнинг абжағини чиқариб қўярдим...

Бир аёл тўрт кишини етаклаб келди. 

“Дежурни”, – қулоғимга шивирлади дўстим.

Биринчиси, иккинчиси, хуллас, ҳамма ҳамроҳларининг дардини шу аёл айтди. Ҳаммасининг муаммосига тегишли ечимлар кўрсатилди, мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

- Булар гапира олмайдиларми, тилларини ютиб юборишганми, нега ҳаммасининг дардини сиз айтдингиз? – сўрадим ҳалиги аёлдан.

- Биринчидан, булар менинг одамларим, – деди аёл. – Иккинчидан, булар айтса, муаммоси ҳал бўлмайди, мен айтсам, ҳал бўлади. Ҳал бўлмаганига қўймайман ҳам, ҳоким жаноблари буни яхши билади.

- Ҳақиқатдан шундай, – деб изоҳ берди дўстим. – Бу аёл олиб келадиган одамларнинг бирортасининг муаммоси ечилмаса, бу аёл шунақа томошаларни кўрсатади-ки, унга на ички ишлар ходимлари бас кела олади, на ўт ўчирувчилар. Худога шукр, ҳар қабулга камида тўрт кишини олиб келади. Улар билан қандай келишади, Ўзига аён!

Яна бир аёл бор экан, отини айтсам, мен ҳам балога қоламан. Ўзи шантажчилиги билан бутун Республикага танилган экан. Олдинги ҳокимлар уни эмас, у ҳокимларни қабул қилар экан. Э.Турдимов ҳам уни саккизта сайёр қабулда қабул қилиб, эринмай сўраган нарсасини бераверибди, “Қани, қачон бўлди, тўйдим, дер экан”, деб. Дўстимнинг айтишича, бу аёл уй ҳам, жой ҳам, тикув машинаси ҳам, кир ювиш машинаси ҳам, музлатгич-у, совутгич ҳам, ҳатто чангютгич ҳам олган, ҳоким у сўраган нарсаларни шу ернинг ўзига келтириб, ҳамманинг олдида унга топширган пайтлари ҳам кўп бўлган экан. Саккизинчи мартасига ҳоким унга каттакон бир телевизор бериб, микрофондан “Бўлди, опа, уят ҳам керак, сизга энди нима беришни ҳам билмайман, бир инсонга бериш мумкин бўлган ҳамма нарсани бердим, ҳатто фалон миллион сўм нақд пул ҳам бердим, энди сизни қабул қилмайман”, дебди. Во ажаб! Ҳалиги аёлда уят бор экан, 9-қабулга келмабди, мен у билан танишиш шарафига муяссар бўлолмадим. Аммо ўғиллари, қизлари, келинлари келибди...

Бир аёлнинг актрисалик маҳоратига гувоҳ бўлдим. Арзини айта туриб, камида етти хил ҳолатга тушди. Сўровчи, талаб қилувчи, бақирувчи, ялинувчи, кўз ёш тўкувчи, мазаси қочувчи, кўзи тепага кетувчи...

- Аудиоёзув кетяпти! – қулоғимга шивирлади дўстим.

Мен у аёлнинг орқасидан эргашдим. Сал нарига бориб, “сейфи”дан телефонини чиқариб, ўчирди ва уни сумкачасига солиб, мамнун қиёфада уни кутиб турган кишининг машинасига ўтирди-ю, унинг бешига бешни урди:

О, кей!

Вилоят ҳокими олдинги қабулда топшириқ олган, аммо бажара олмаган мутасадди раҳбарларни қаттиқ уришди, ҳатто аризангни ёз, деди. Бу сайёр қабулдан анча-мунча видеотасвирлар олган эдим, аммо биргина ана шу лавҳа – ҳоким мурожаатчиларни деб раҳбарни қаттиқ урушган лавҳани эътиборингизга ҳавола қиламан.

Очиғи, 50 тача мурожаатчининг арзи-додини эшитгач, менинг “зарядим тугади”. Асабим дош бермади. Миям қизиб кетди. Бир хил шикоятларни эшитаверишдан чарчадим. Мен ҳеч қачон бир кунда бунча одам билан гаплашмаган эдим. Дўстимга узримни айтдим:

- Ўртоқ, яна 15-20 кишининг додини эшитсам, мени “тез ёрдам” олиб кетади, ўзим кета қолай!

Кечқурун дўстим ҳоким яна 15-20 эмас, 230 кишини эшитгани, жами 300 га яқин одамнинг арзини тинглаб, барчасининг ечимини топгани, кўпларининг муаммоси шу ернинг ўзида ҳал бўлганини, ҳоким ақалли тушлик танаффус ҳам қилмаганини айтганида лол бўлиб қолдим: ҳокимнинг асаби темирдан экан!

Охирида битта гапни айтаман: мен ҳеч қачон ҳоким бўлмайман!

Каримберди Тўрамурод, ЎзА