Самарқанд вилояти инжиниринг компанияси тадбиркорга 620 миллион сўмдан кўпроқ маблағни тўламаган. Нега?
Жорий йилнинг июнь ойида Самарқанд вилоят адлия бошқармасига “Умиджон газ-сув қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С.Бозоров вилоят инжиниринг компанияси томонидан шартнома шартлари бажарилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, вилоят инжиниринг компанияси ҳамда “Умиджон газ-сув қурилиш” МЧЖ ўртасида 2019 йил 29 апрель куни Паст Дарғом тумани Гўзалкент маҳалласи ҳудудида жойлашган 46-мактабгача таълим ташкилотини мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш юзасидан пудрат шартномаси расмийлаштирилган.
Мазкур пудрат шартномасига асосан “Умиджон газ-сув қурилиш” МЧЖ лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш мажбуриятини олган. Вилоят инжиниринг компанияси эса пудратчига бажарилган ишлар учун зарур шароитларни яратиш, бажарилган ишларни қабул қилиш ва тўловни амалга ошириш мажбурияти юклатилган.
Бироқ буюртмачи томонидан шартнома шартларига асосан “Умиджон газ- сув қурилиш” МЧЖга тўланиши керак бўлган пул маблағлари тўланмаган.
Ҳолат юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан пудратчи “Умиджон газ-сув қурилиш” МЧЖ манфаатини кўзлаб Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарори билан мазкур даъво аризаси қаноатлантирилиб, вилоят инжиниринг компанияси зиммасига “Умиджон газ-сув қурилиш” МЧЖ фойдасига 628 миллион 461 минг 422 сўм миқдорда пул маблағларини тўлаш мажбурияти юклатилган.
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.