Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд халқаро аэропортида янги терминал қурилиши бошланди

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида Самарқанд халқаро аэропортини замон талабларига мос даражада реконструкция қилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, қолаверса сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилганди.

Бугун мазкур вазифа ижроси доирасида Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Транспорт вазири А.Раматов, вилоят ҳокими Э.Турдимов ва соҳа мутасаддилари иштирокида белгиланган лойиҳалар ўрганиб чиқилди.

Режага кўра, 2019-2020 йилларда Самарқанд халқаро аэропортида хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун янги терминал қурилади ва учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилиниб, самолётлар тураргоҳини кенгайтирилади ҳамда радиолокация тизимлари такомиллаштирилади. Бунинг учун 15 октябрдан бошлаб бир ярим ой давомида ушбу ҳаво дарвозаси фаолияти вақтинча тўхтатилиб, янги асфальт қопламаси ётқизилади.

– Мазкур лойиҳалар амалга ошгач, аэропортда соатига 600 нафар хорижий ва маҳаллий меҳмонларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади, – дейди А.Раматов. – Ҳозирда кунига 2-3 самолёт парвоз қилаётган бўлса,  аэропорт замонавий қиёфага киргандан сўнг бир кунда 20 дан ортиқ рейс амалга оширилади.  Янги терминални бунёд этиш ишлари маҳаллий қурилиш корхоналари томонидан амалга оширилади.

Бахтиёр МУСТАНОВ.