Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун қандай тайёргарлик кўрилди?

Вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  бошқармасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган пресс-турда кейинги йилларда мазкур тизимдаги кескин ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Хусусан, кейинги йилларда илк бор бошқарма лабораторияси юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлангани,  Қўшработ туманидаги санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими биноси қуриб, фойдаланишга топширилгани, лабораторияларга 32 дан зиёд турдаги жиҳозлар келтирилгани айтиб ўтилди.

Кейинги йилларда Нуробод, Ургут, Иштихон, Жомбой ва Булунғур туманларида ҳам янги бинолар қуриб берилиши режалаштирилаётгани таъкидланди. 2021 йилда санитария-эпидемиология хизматини ташкил этишда илмий ёндашувни кучайтиришга эътибор қаратилган.

2020 йилда амалга оширилган санитария-гигиеник амаллар туфайли инфекцион хасталиклар 42 фоизга камайди. 10 турдаги юқумли касалликлар умуман қайд этилмади. Хусусан, қорин тифи, дифтерия, сальмонеллез, полиомиелит, менингит, қизилча кабилар.

Пресс-конференция давомида таъкидландики, эндиликда тадбиркорлик субъектларига корхонасининг санитария-эпидемиологик ҳолатига қараб сифат белгиси бериладиган тажриба жорий этилади. Ташкилот фаолиятининг санитария-гигиена меъёрларига нечоғлик риоя қилинишига қараб, унга «қизил», «сариқ» ҳамда «яшил» ранг берилади. Ушбу белги 12 ой муддатгача амал қилиб, агар тадбиркор «яшил» рангли белгига эга бўлса, бир йил давомида муассасада санитария меъёрлари бўйича текширув амалга оширилмайди. Белгини олиш тадбиркорнинг ихтиёри асосида амалга оширилади. Баъзи ҳолатлардагина ушбу белгини олиш мажбурий бўлиши мумкин. Мазкур рангли белгилар давлат хизматлари кўрсатиш ягона портали орқали пуллик асосда олинади.

-  Вилоят миқёсида аҳолини эмлаш учун 352 та, шунингдек, кўчага чиқиш имкони бўлмаганлар учун  99 та кўчма бригадалар ташкил этилди, - дейди вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Боймуродов. - Вакцина келтирилиши биланоқ аввало 65 ёшдан ошган фуқаролар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ходимларини эмлашни бошлаймиз. Эмлаш давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Замира БАЛТАЕВА.