Самарқандда акасини жияни ёрдамида ўлдирган қотилларга нисбатан жиноят иши кўрилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг судьяси Т.Қодиров раислигида кўрилаётган иш ҳужжатларига кўра, судланувчи, 1999 йил Булунғур туманида туғилган Дилмурод Болтаев (исм, фамилиялар ўзгартирилган) вояга етмаган шахс, яъни 2002 йилда туғилган жиянини жиноят қилишга жалб қилган ҳолда бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган.

Судланувчи 2017 йил ноябрь ойида коллеждаги ўқишини ташлаб, Россия Федерациясининг Самара шаҳрида ишлаётган акаси Одил Болтаевнинг олдига ишлаш учун боради. Улар бирга оғир меҳнат шароитида ишлаб келиб, жамғарилган пулларга “Дамас” русумли автотранспорт воситасини харид қилишади.

Ҳамма ғавғо шундан сўнг бошланган. Д.Болтаев автотранспорт воситасига тўлақонли эгалик қилолмаганлиги сабабли акасига нисбатан нафрати уйғониб, уни ўлдиришни мақсад қилади. Бунга ўзининг жисмоний кучи етмаслигини англаб, жияни 10-синфда ўқийдиган Элёр Носиров билан тил бириктирган.

Жиноий режага кўра, судланувчи Д.Болтаев акаси кечки пайт ишдан қайтаётганида “Дамас” русумли автотранспорт воситасини тўхтатиб, Э.Носиров билан бирга чиқиб олишади. Д.Болтаев автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, арқон ёрдамида акасининг бўйнидан бўғади. Автомашинанинг олди ўриндиғига жойлашган жияни ҳаракатланган автомашинанинг калитини бураш йўли билан тўхтатиб, О.Болтаевнинг қўл ва оёқларини ушлаб туради.

Иш “хамирдан қил суғургандек”, осон кўчди деб ўйлаган шоввозлар адашган эди. Негаки, О.Болтаев ҳали вафот этмаган ва ҳушига келган эди. Шунда Д.Болтаев автомашинани Мирза ариқ канали бўйида тўхтатади. Акасини бўйнидан арқон билан тортганча машинадан тушириб, уни бўғиш орқали қасддан ўлдирган.

Икковлон жиноятни яшириш мақсадида О.Болтаевни ўз жонига қасд қилгандек кўрсатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органни чалғитиш орқали жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида дала четида ўсиб турган қатор тол дарахтлардан бирига осиб қўйишган.