Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда асосий йўқотиш автомобиль саноатига тўғри келди. Ишлаб чиқариш ҳажми 979,2 миллиард сўмга пасайган

2020 йилнинг 1 апрелигача вилоятимизда 5145 та саноат корхонаси фаолият юритаётган бўлса, карантин чоралари белгиланиши билан 551 та корхона фаолиятини вақтинча тўхтатди, 567 та корхона 25 фоиз, 1062 та корхона 50 фоиз қувватда ишлаган. Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Асосий йўқотиш автомобиль саноатига тўғри келди ва 3 та корхона (“Sam Avto”, “JV MAN”, “UZAuto Trailer”)да 8 ойда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 979,2 миллиард сўмга пасайган.

Ҳар бир корхона бўйича махсус анкета тўлдирилиб, уларнинг фаолиятига аниқлик киритилди. Ўрганилишича, 884 та корхона реализациядаги муаммо сабаб маҳсулот ишлаб чиқармаган. Корхоналарда 2,2 триллион сўмлик маҳсулотлар қолдиғи мавжуд. 962 та корхонада сотиш 151 миллиард сўмга камайган.

Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳар ойда ўртача 1,2 триллион сўмга ошиб, 8 ойда 10,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 9 ой якуни билан 12 триллион сўмлик (101,4 фоиз) маҳсулот ишлаб чиқариш  режаси белгиланган. Ўрганиш натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 13,7 триллион сўм бўлиши кутилмоқда.