Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда осойишталикка масъуллар тақдирланди

Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида ўзига бириктирилган маҳалла ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда алоҳида ўрнак кўрсатган профилактика инспекторлари, маҳалла фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда 484 нафар профилактика инспектори, 60 нафар маҳалла раислари, профилактика инспекторларининг ёрдамчилари Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жамғармаси ҳисобидан  пул мукофотлари билан тақдирланди.

- Халқимиз “Маҳалла тинч – юрт тинч”, деган иборани бежиз айтмайди, - дейди Пахтачи туманидаги Чашма маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Музаффар Исоқулов. – 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудимизда ўтган йил ҳамда жорий йилнинг шу давригача жиноят содир этилмади. Бу давлатимиз томонидан жамоат тартибини сақлашнинг самарали тизими яратилгани, осойишталикни таъминлаш борасида фуқаролар йиғини фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар самараси, деб ўйлайман.

Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, ички ишлар идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва мукофот соҳибларининг яқинлари иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.