Профилактика инспекторларига айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати берилмоқда
Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар профилактика (катта) инспекторлари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришни кўзда тутувчи қонунни муҳокама қилди.
Қонун фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда айрим тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланиладиган жарима миқдорларини кўриб чиқишга қаратилган.
Профилактика (катта) инспекторларининг ўзларига бириктирилган ҳудудда жиноятлар сонини камайтириш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириши учун ваколатлари кенгайтирилмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати альтернатив орган сифатида профилактика (катта) инспекторларига берилиши натижасида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдан узоқ масофада жойлашган бошқа ваколатли органлар ёки судларга боришини истисно этган ҳолда фуқароларнинг ортиқча харажат қилиши ва сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тез таъсирчан чоралар кўрилиши натижасида фуқароларга қўшимча оворагарчилик ва ноқулайликлар туғилиши ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларга қонунга ҳурмат ва қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муносабатини сингдиришга эришилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.